UzAutoMotors 8 май куни ярим соатга бормай 4 500 дона Lacetti автомобилига шартномалар тузганди. Компания матбуот хизматининг маълум қилишича, шу вақт ичида UzAutoSavdo тизими 120 дан ортиқ киберҳужумга учради.
UzAutoMotors 8 май куни соат 10:00 да 4 500 дона Lacetti автомобилига шартнома очилишини эълон қилганди. Шу куни соат 10:15 ҳолатига кўра 4 400 дона Chevrolet Lacetti автомобили учун шартнома тузилгани маълум қилинди. Орадан яна бир неча дақиқа ўтиб, Chevrolet Lacetti автомобиллари учун тузилган шартномалар сони 4 500 тага етди.
Бироқ, аксарият кишилар бу вақт давомида шартномалар тузиладиган сайт деярли ишламаганини билдирмоқда.
Компания матбуот хизматининг хабар қилишича, Chevrolet Lacetti автомобили учун онлайн контрактация жараёнида UzAutoSavdo платформасида 1 секунд ичида 170 мингдан ортиқ мурожаат билан кўп уланишлар сони қайд этилган. Таққослаш учун, Internet Live Stats маълумотларига кўра, Google қидирув тизими бир сонияда 99 мингга яқин қидирувларни амалга оширади.
Ушбу вақт ичида UzAutoSavdo тизими 120 дан ортиқ киберҳужумга учради, аммо кўрилган чоралар туфайли барча киберҳужумлар олди олинди.
Контрактация якунига кўра, Chevrolet Lacetti автомобилини харид қилиш учун 4 500 та шартнома тузилди. Тузилган шартномаларнинг 99,9 фоизи One ID тизимида рўйхатдан ўтган ва 1 та дан кўп бўлмаган автомобиль учун шартнома тузган жисмоний шахсларга тўғри келади.
Бундан ташқари, компания яна бир бор мижозларни огоҳ ва ҳушёр бўлишга ва учинчи шахслар томонидан тўлов қилинмаган автомобиль шартномаларини сотиб олмасликка чақирди.
“Агар сиз бундай шартномаларни сотиб олсангиз, кейинчалик автомобиль сизга қайта расмийлаштирилмаслигининг хавфи юқори. Қолаверса, агар автомобиль эгасининг яқин қариндошлари (турмуш ўртоғи, фарзандлари) сотишга рухсат беришдан бош тортган тақдирда уни қайта рўйхатдан ўтказиб бўлмайди”, — дейилади компания хабарида.
Бундай келишувлар иштирокчиси бўлганлар учун UzAutoMotors харидор олдида ҳеч қандай жавобгарликни ўз зиммасига олмаслигини билдирди.
Изоҳ (0)