Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашда бир неча талаблар бор. Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги нафақалар тайинлаш ва тўловларни амалга оширишда ваколатли давлат органи ҳисобланади.
Асосий талаблар
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” орқали кам таъминланган оилаларга тайинланади. Мазкур маблағларни олиш учун мурожаатчининг ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган даромад минимал истеъмол харажатлари — 648 минг сўмдан кам бўлиши лозим.
Болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлашда аризачининг меҳнатга лаёқатли оила аъзолари банд бўлишлари ёки меҳнат органларига мурожаат қилган бўлишлари керак.
Шу билан бирга, талабгордан биттадан кўп кўчмас мулки, нотурар кўчмас мулки, янги автомашинаси, банкда катта миқдордаги депозитлари ва қимматли қоғозлари бўлмаслиги ҳам инобатга олинади.
Янги тартиб
Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1 майидан бошлаб my.gov.uz портали орқали болалар нафақаси ёки моддий ёрдам учун онлайн ариза бериш имконияти яратилди.
Болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олиш учун ариза бериш, уларни кўриб чиқиш, тайинлаш ва тўлашнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинган ҳолда яна бир қўшимча тартиб жорий этилди. Унга кўра, эндиликда аризачи маҳалла фуқаролар йиғинига ташриф буюриб, “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази директори номига ариза билан мурожаат қилиши мумкин. Умуман олганда, ҳар иккала усулда топширилган аризалар бир хил муддатда ва бир хил мезонлар асосида кўриб чиқилади.
Қанча тўланади?
Ҳозирда болалар нафақаси миқдори оилада уч ёшгача бўлган бир бола учун 325 000 сўм. Энг биринчи фарзанд уч ёшдан катта бўлса, унга 250 000 сўм тўланади. Кейинги иккинчи фарзандларга икки ҳолатда ҳам 150 000 сўмдан берилади. Кейинги фарзандларнинг ҳар бири учун 100 000 сўмдан қўшиб кетилаверади. Моддий ёрдам миқдори эса ойига 380 000 сўм.
Оилаларда биринчисидан кейинги фарзандлар туғилиш ҳолатлари бор. Амалдаги тартибга биноан, янги туғилган чақалоқ тўғрисидаги маълумотлар ФҲДЁ органининг ахборот тизимидан онлайн ва автомат тарзда олинади. Яъни фуқаролар янги фарзанди туғилгач, болалар нафақасини қайта ҳисоблаш бўйича мурожаат қилмайди. Бола туғилган санадан маълумотлар автомат равишда дастурга келади, кейинги ойнинг биринчи санасидан пул миқдори янги туғилган болага ҳам қўшилган ҳолда қайта ҳисоблаб, ошириб борилади.
Эслатиб ўтамиз, ижтимоий тўловлар билан боғлиқ барча саволларига туман ёки шаҳарлардаги “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига мурожаат қилиш мумкин.
Изоҳ (4)
Ас салому алейкум мани 3 нафар фарзандим бор ман Кыргызстан фукорасиман хожаёним Узбекистан фукораси 7йош 4йош 1йош
Изоҳ ўчирилди
Assalomu alaykum meni 5 ta bolam bor 2 tasi maktabda 2 tasi boxchada o'zimni muntazam ishim yoq bolalar puli olish uchun qaysi saytga kiraman
Yangi avtomobilni yoshi nechada boʻlsa chiqmaydi
Nomida 1ta kochmas mulk harid qilganda bolalar nafaqasi beriladimi