Ўзбекистон терма жамоаси бугун, 5 июнь куни, Жаҳон чемпионати саралаши 9-тур доирасидаги навбатдаги учрашувини ўтказади. Темур Кападзе бошчилигидаги жамоа Абу-Дабида БАА меҳмони бўлади. Ушбу беллашувда қўлга киритиладиган бир очко ҳам “оқ бўрилар”га Жаҳон чемпионати чиптасини тақдим этиши мумкин.

Ушбу ўйин олдидан ҳар икки терма жамоанинг ҳозирги ҳолати, ЖЧга чиқиш имкониятлари ва таркибидаги энг қиммат футболчилари ҳақида батафсил тўхталамиз.
Ўзбекистон терма жамоаси
Ўзбекистон терма жамоаси Мундиал саралашининг дастлабки ўйинида Тошкентда Шимолий Кореяга қарши 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Кейинги турда Бишкекка сафар уюштириб, Қирғизистондан 3:2 ҳисобида устун келди. Учинчи турда эса “Бунёдкор” стадионида Эрон билан баҳс олиб борди ва 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этилди.
Тошкентда ўтган навбатдаги ўйинда терма жамоа БААни қабул қилди ва Отабек Шукуровнинг пенальтидан киритган ягона голи эвазига 3 очко қўлга киритилди.

Бешинчи турда Ўзбекистон Доҳада Қатар билан тўқнаш келди. Биринчи таймда кетма-кет иккита гол ўтказиб юборган бўлса, иккинчи бўлимда Аббосбек Файзуллаевнинг дубли ҳисобга тенглаштирди. Аммо учрашув охирида Қатар яна битта гол уриб, 3:2 ҳисобида ғалабани қўлга киритди.
Ўзбекистон олтинчи турда Шимолий Корея билан Лаосда ўйин ўтказди — сиёсий вазиятлар сабабли ўйин сафарда бўлиб ўтди. Қийин баҳсда жамоа 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. 7-турда Қирғизистонни Тошкентда 1:0 ҳисобида мағлуб этди, 8-турда эса Эронда 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади.
БАА терма жамоаси
Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоаси Жаҳон чемпионати саралашини анча ишончли бошлади. Улар илк турда Қатарга сафар уюштириб, 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Бироқ 2-тур доирасидаги Эронга қарши беллашувда минимал ҳисобда имкониятни бой берди — 0:1. Амирликлар жамоаси 3-турда Шимолий Корея билан 1:1 ҳисобида дуранг ўяган бўлса, 4-турда Тошкентда Ўзбекистонга имкониятни бой берди — 0:1.

5 ва 6-турда БАА йирик ҳисобдаги иккита ғалабани қўлга киритди. Аввалига Қирғизистонни 3:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, кейин Қатар дарвозасига жавобсиз 5 та гол уришни уддалади. 7-турда Эронга яна мағлуб бўлди — 0:2. 8-турда эса Шимолий Кореяга қарши баҳс ўтқазиб, 2:1 ҳисобидаги қийин ғалабани қўлга киритди.
А гуруҳи турнир жадвали
- Эрон — 20 очко
- Ўзбекистон — 17 очко
- БАА — 13 очко
- Қатар — 10 очко
- Қирғизистон — 6 очко
- Шимолий Корея — 2 очко
Жамоаларнинг саралаш босқичидаги тўпурарлари
Ўзбекистон терма жамоаси ортда қолган 8 турда 11 та гол уришни уддалаган. Аббосбек Файзуллаев 4 марта рақиб дарвозасини ишғол қилиб, “оқ бўрилар” тўпурари бўлиб турибди.

Қолган 7 гол эса 7 нафар футболчи номига ёзилган. Элдор Шомуродов, Жалолиддин Машарипов, Ҳожиакбар Алижонов, Остон Ўрунов, Отабек Шукуров, Ҳусниддин Алиқулов ва Ҳожимат Эркинов бир мартадан рақиб дарвозасини ишғол қилган.
Бирлашган Араб Амирликлар терма жамоаси гол уриш борасида анча фаол. Амирликлар ўтган 8 тур давомида 14 марта рақиб дарвозасига йўл топа олган. Фабио Лима нафақат БААнинг, балки бутун саралаш босқичининг энг яхши тўпурарларидан бири бўлиб турибди. Асли келиб чиқиши бразилиялик бўлган ҳужумчи ҳозиргача 5 та гол ва 2 ассист билан тўпурарлар жадвалида етакчилик қилмоқда. Амирликлар сафида иккинчи тўпурар эса Ҳариб Суҳайил ҳисобланади. “Ал-Аҳли” ҳужумчиси ҳисобида 3 та гол мавжуд.

Ўзаро учрашувлар тарихи
Ўзбекистон шу вақтгача БААга қарши 18 бор майдонга тушган. Шулардан 5 учрашувда ғалаба қозонган, 9 ўйинда имкониятни бой берган, яна 4 баҳс дуранг билан якунланган.
Мазкур жамоалар ўртасидаги илк учрашув 1996 йилда бўлиб ўтган. Унда Амирликлар жамоаси 4:2 ҳисобида ғалаба қозонган.
Ўзбекистон терма жамоаси шу вақтгача БАА дарвозасини 20 бор ишғол қилган, бироқ ўз дарвозасидан 25 та гол ўтказиб юборган.
Ушбу жамоалар ўртасидаги баҳс тўпурарлари — Игор Сергеев ва Сервер Жепаров, ҳар икки футболчи ҳам 3 мартадан рақиб дарвозасини ишғол қилган. БАА сафидан Али Мабҳоут 2 бора Ўзбекистон дарвозасига йўл топишни уддалаган.

2000 йилда Амирликлар Ўзбекистонни 4:1 ҳисобида мағлуб этиб, ўз тарихидаги энг йирик ғалабани қўлга киритган, бироқ Ўзбекистон бунга 2015 йилда 4:0 ҳисобидаги йирик ғалаба билан жавоб қайтарган.
Энг қиммат футболчилар
Ўзбекистон Осиё қитъасида энг қиммат 3-жамоа ҳисобланади. Ҳозирда Темур Кападзе бошчилигидаги “Оқ бўрилар”нинг умумий қиймати 68,3 миллион еврони ташкил қилади.
Таркибдаги энг қиммат футболчи — “Манчестер Сити” аъзоси Абдуқодир Ҳусанов. Ҳимоячи Transfermarkt томонидан 35 миллион еврога баҳоланмоқда. Кейинги ўринларда — Аббосбек Файзуллаев (8 миллион евро) ва Элдор Шомуродов (4 миллион евро) жой олган.

Ўзбекистоннинг энг қиммат 10 нафар футболчиси:
- Абдуқодир Ҳусанов — 35 миллион евро;
- Аббосбек Файзуллаев — 8 миллион евро;
- Элдор Шомуродов — 4 миллион евро;
- Остон Ўрунов — 2 миллион евро;
- Отабек Шукуров — 1,8 миллион евро;
- Ҳусниддин Алиқулов — 1,7 миллион евро;
- Жалолиддин Машарипов — 1,5 миллион евро;
- Абдувоҳид Неъматов — 1,5 миллион евро;
- Ҳожимат Эрикинов — 1,5 миллион евро
- Акмал Мозговой — 1,3 миллион евро.
Бирлашган Араб Амирликлари терма жамоасининг умумий қиймати 44 миллион еврони ташкил қилади. Жамоанинг энг қиммат футболчиси Фабио Лима ҳисобланади. Ҳужумчининг қиймати Transfermarkt порталида 6,5 миллион еврога баҳоланган. Иккинчи поғонадан Луан Перрейра жой олган. “Шаржа” клуби футболчисининг нархи 5 миллион евро этиб белгиланган. 3-поғонадан Каё Лукас жой олган. Асли келиб чиқиши бразилиялик бўлган футболчининг трансфер нархи 4,5 миллион евро ҳисобланади.

БААнинг энг қиммат 10 нафар футболчиси:
- Фабио Лима — 6,5 миллион евро;
- Луан Перрейра — 5 миллион евро;
- Каё Лукас — 4,5 миллион евро;
- Ҳолид Иброҳим — 2,5 миллион евро;
- Ала Зир — 2,5 миллон евро;
- Лукас Пименто — 2,5 миллон евро;
- Отон Куадио — 2,5 миллон евро;
- Ҳариб Суҳайил — 2,2 миллон евро;
- Маркус Мелони — 2,2 миллион евро;
- Яҳё Нодир — 2 миллион евро.
Мураббийлар фикри:
Темур Кападзе БААга қарши баҳс олдидан матбуот анжуманида қатнашди.

Албатта, ўрганиб чиқдик. Ҳар тарафлама яхши тайёргарлик кўрдик. Тўғри, уларда мураббий янги. Бироқ бугун пайдо бўлиб қолмаган. Уларни ўрганишга ҳаракат қилдик. Асосийси, ўз ўйинимиз ҳақида ўйлашимиз ва яхши ўйин кўрсатишимиз лозим. Албатта, бу даврга етиб келиш учун футболчилар астойдил меҳнат қилишди. Бизни иккита муҳим ўйин кутиб турибди. Ҳаммаси ўз қўлимизда. Эртага ғалаба қозониб, кейинги ўйинга тайёрланишимиз керак. Сречко Катанецнинг соғлиғи жойида. Унинг ёрдамчилари эса бугунги кунда менинг штабимда фаолият юритмоқда.
Космин Олариу Ўзбекистонга қарши баҳс олдидан матбуот анжуманида қатнашди.

Бу осон бўлмаслиги аниқ, аммо биз барчасига тайёрмиз. Эртага жуда қийин ўйин бўлади. Ўзбекистон гуруҳдаги энг яхши жамоалардан бири. Улар жуда тартибли ва баланс футбол намойиш этишмоқда. Биз сўнгги бир ҳафта давомида имкон қадар яхши тайёргарлик кўришга ҳаракат қилдик. Энди эса йигитларни тўғри йўналтириши ва мотивация беришимиз керак. Катта ўйин ва катта жанг. Биз ўзимизнинг имкониятимизга ишонамиз. Бор кучимиз билан курашамиз.
Учрашув ҳақида:

БАА — Ўзбекистон терма жамоалари ўртасидаги баҳс 5 июнь, пайшанба куни Абу-Дабидаги “Ал-Наҳян” стадиоида бўлиб ўтади. Беллашув Ўзбекистон вақти билан 21:00 да бошланади.
Изоҳ (0)