Ижтимоий тармоқларда 5 май куни “Тошкент вилоятида мактабга кеч қолган болалар ўт юлишга мажбурланмоқда” сарлавҳаси остида хабар тарқалди.

Унда Бўка туманидаги 24-мактабда кечиккан ўқувчилар ободонлаштириш ишларига жалб қилингани айтилган. Мазкур ҳолат юзасидан туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрганиш ўтказилди.
Аниқланишича, 30 апрель куни 11-синф ўқувчилари дарсга кечикиб келган. Кечикиш ҳолатлари такрорий бўлгани сабабли мактабнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари уларни тартибга чақириш мақсадида мактаб гулхонасидаги ёввойи ўтларни тозалашга жалб қилган.
Мазкур фаолият 10 дақиқа давом этган бўлиб, шундан сўнг ўқувчилар дарсларга қайта киритилган. Ўрганиш натижаларига кўра, ушбу амалиёт мактабда доимий тарзда қўлланиб келинаётгани тасдиқланмаган. Шунга қарамай, директор ўринбосарига огоҳлантириш берилган.
Бундан аввал Андижон шаҳридаги 5-умумтаълим мактабида ўқувчи қизлар ўтириб-турғизилиб жазоланган эди. Бундан ташқари, Самарқандда мажбурий меҳнатга жалб қилингани айтилган ўқувчилар буни дарс доирасида қилгани аниқланганди. Шунингдек, Андижондаги мактаблардан бирида ўқувчи мактабдошини калтаклагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)