Москвадан 15 апрель куни Денпасарга (Индонезия) парвозни амалга ошираётган SU296 рейси Тошкентга қўндирилди. Бу ҳақда “Аэрофлот” авиакомпанияси хабар берди.

Маълум қилинишича, ҳаво кемаси командири йўловчининг соғлиғи тўсатдан ёмонлашгани сабабли самолётни қўндиришга қарор қилган. Тошкент аэропортида йўловчи тиббий бригадага топширилган.
Тошкентдан Денпасарга парвоз 16 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 10:00 да амалга оширилиши режалаштирилган. Парвозни кутиш вақтида йўловчиларга Россия Федерал авиация қоидаларига мувофиқ хизмат кўрсатилган. Меҳмонхонага жойлаштириш, ичимликлар ва овқат билан таъминлаш ташкил этилган.
Самолёт қўниши катта ёнилғи оғирлиги билан амалга оширилгани сабабли у қўшимча техник кўрикдан ўтказилиши зарур. Кутиш вақтини қисқартириш учун Москвадан захира самолёт юборилди.
14 апрель куни Урал Airlines авиакомпаниясининг Қарши—Москва рейси техник сабабларга кўра бекор қилинганди. Унга кўра, бортида 154 нафар йўловчи бўлган Россиянинг Урал Airlines авиакомпаниясининг Қарши—Москва йўналиши бўйича U62128 рейси 14 апрель куни маҳаллий вақт билан соат 05:35 да ҳавога кўтарилиши керак эди. Самолётда айнан қандай техник носозлик кузатилгани очиқланмаган.
Изоҳ (0)