Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи блогер, айни кундаги собиқ амалдор Олим Сулаймонов Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев унга нисбатан ноҳақлик қилганини айтиб, YouTube’да видеочиқишларни амалга оширмоқда. Блогер, шунингдек, очлик эълон қилиб, ўзининг таъбири билан айтганда, унга нисбатан бўлаётган ноҳақликларга қарши шундай курашишни мақсад қилган.
“Дарё” блогер Олим Сулаймоновни қизиқтираётган саволларга жавоб топиш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбари Беҳзод Қобуловга юзланди ва аслида нима бўлаётгани билан қизиқди.

Тўғрисини айтсам, Олим Сулаймоновни 2017 йилдан бери кузатаман. Бу инсонда қандайдир юморга сабаб бўлган воқеалар ҳам бор. Бизнинг халқимиз жинниликни севади-да, лекин бу Олим Сулаймоновга тегишли эмас. Ҳар бир одамнинг ичида қандайдир маънода бир жиннилик ҳам яшайди ва одам қайси хусусиятларини ривожлантиришини ўзи белгилайди. Даҳолик билан телбалик эса бир хил жиҳатларда намоён бўлиши исботланган. Сулаймонов 2017 йилда унга троллар ҳужум қилаётганини айтганида, бу чиқиш халққа кайфият берган эди. Ўшанда у троллни нотўғри ифодалаб, тушунмасдан гапирганини ҳамма билиб турганди. Мана шу соддадил ҳолати ва ўша болаларча самимийлиги билан одамларга ёққан.
Олим Сулаймонов очиқлик сиёсатининг илк йиллари, шовқинли даврлар ва ҳамма журналист бўлишни истаб қолган пайтларнинг маҳсули ҳисобланади. Тошкент вилояти ҳокимлиги, умуман, ҳукумат бу инсоннинг турли, чучмал, ноўрин ёки асосланмаган фикрлари учун жавобгар қилмаётгани бу ҳурматли президентимизнинг очиқлик сиёсати ривожланаётган даврига тўғри келаётгани, айнан шу сиёсатга путур етказмасликка ҳаракат қилинаётгани билан боғлиқ. Бошқа сабаб йўқ, дейди Зоир Мирзаевнинг матбуот котиби Беҳзод Қобулов.
Олим Сулаймоновга берилган лавозим нега олиб қўйилди?
-TVPG0jpB.avif)
Зоир Тоирович ОАВ ва журналистларга жудаям эътиборли, президентимизнинг очиқлик сиёсатини чуқур тушуниб етган ва шунга гард юқтирмасликка ҳаракат қиладиган, қатъий амал қилиб келадиган раҳбар. Олим Сулаймонов ғайратли ва шижоатли инсон. Энергияга тўла. Зоир Тоирович шу энергия ва кучини кўриб, завқи келдими, шу инсоннинг иш беринг, дея такрорий қилган мурожаатларини эътиборсиз қолдирмади. Тажриба тариқасида, шунингдек, у кишининг миграция соҳасида ишлайман, деган гаплари учун имконият яратилди. Афсуски, бу одамнинг ўзини тутиши ва иш олиб бориши бу қарор ўзини оқламаганини кўрсатди. Тошкент вилоятида 22 та туман ва шаҳар кесимида 80 минг нафар киши хорижда мигрант сифатида юрибди.
Бу одамнинг талабини эшитиб ҳайрон қолганман. Ҳаммасини бирма-бир ўзим ўрганаман, ўзим кўраман, кейин ҳужжатга қўл қўяман. Қўшиб ёзиш ва сохталик бор, деган. Соғлом одамнинг гапимас-да бу. 82 минг нафар одам билан шахсан ўзи қандай учрашиб, қандай ўрганади? Давлат бошқаруви тизимидаги одамда озгина тушунча бўлиши керак-ку. У бошқарма бошлиғи, туманларда унга бириктирилган ўша тизим бор. Ишлаш тартиби механизмлари бор. Улар бир-бирига ишониб маълумот олиши мумкин. Рақамлар ҳам ҳаводан олинмайди-ку. Ўзбекистонга кирган, чиққан фуқаронинг ҳисоби юритилади. Бу тизим билан ҳоким ёрдамчилари, хотин-қизлар ишлайди. Бу одамнинг бир ўзим қиламан, дейиши — сурбетлик, ўта кетган сурбетлик-да. Соғлом одам бунча инсон билан ўзи кўришиб, гаплашиб чиқолмаслигини, бунга умри етмаслигини билади, дейди масъул.
Беҳзод Қобуловнинг қўшимча қилишича, Олим Сулаймоновни Зоир Мирзаев ишдан олган, деган иддао ҳам хато.

Олим Сулаймонов собиқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги раҳбарияти, яъни иш берувчи ташаббуси билан ишдан олинган. Президент фармонига кўра, Ташқи меҳнат миграцияси тугатилаётгани, ислоҳ қилинаётгани сабаб унга икки ой аввал огоҳлантириш хати берилиб, бошқа иш излаши учун моддий қўллаб-қувватлаш ҳамда янги иш топиши учун вақт ҳам берилган. Мени вилоят ҳокими ишдан олди, дейиши хато бўлади, дейди ҳокимлик ахборот хизмати раҳбари.
Беҳзод Қобуловнинг айтишича, Олим Сулаймоновнинг видеочиқишлари Тошкент вилояти масъулларининг сабри, иродаси ва туҳматга бўлган бир иммунитетини синовдан ўтказмоқда.

Ҳокимликнинг расмий муносабатида қўшимча қилинишича, Олим Сулаймонов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида Тошкент вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, ташкилот раҳбарлари, фермерлар, кластерлар томонидан қонунга зид хатти-ҳаракатлар амалга оширилаётгани ҳақида умумий гаплардан иборат чиқишлар қилиб келмоқда.
Аслида, Олим Сулаймонов ўзи даъво қилаётган фаол фуқаролик позициясидан келиб чиқиб, мазкур қонунбузилиш ҳолатига доир битта факт, аниқ мисол бўлса, ҳуқуқ-тартибот идораларига зудлик билан мурожаат қилиши лозим эди. Бироқ Олим Сулаймонов ўзига юқори лавозим берилишини талаб қилиб, Тошкент вилояти ҳокими, унинг ўринбосарлари, матбуот котиби, вилоятдаги бошқарма ва ташкилот раҳбарлари ва бошқа давлат хизматчилари фаолиятига доир ҳақорат ва туҳматдан иборат сўзларни ижтимоий тармоқлар орқали айтиб келмоқда. Ҳеч қандай фактларсиз, аниқ мисолларсиз Тошкент вилоятидаги барча даражадаги давлат хизматчилари шаънини ерга урувчи, ҳақиқатдан йироқ бўлган бундай гап-сўзлар маъмурий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Таъкидлаймизки, Олим Сулаймонов Ташқи меҳнат миграцияси Тошкент вилояти бошқармасига қисқа вақт раҳбарлик қилган вақтда ўзининг бошқарув соҳасидаги нотўғри қарорлари, ёндашувлари, умуман, малака талабига жавоб бермагани туфайли ишдан бўшаган. Давлат бошқаруви соҳасида ишлаш имконияти берилганини нотўғри тушуниб, раҳбар шахсларни обрўсизлантирувчи гаплар айтиб, ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасига обуначиларни кўпайтиришни мақсад қилиб, ўз иши қолиб, фақат блогерлик фаолияти билан шуғулланиб келди. Бир сўз билан айтганда, у берилган имкониятдан фойдалана олмаган. У масъул лавозимда ишлаб юрган пайтларида миграцияга доир давлат сиёсати моҳиятини тушунмасдан, меҳнат мигрантлари ёки таълим, дам олишга саёҳатга борган фуқаролар ўртасидаги фарқ ва тафовутларни ажратмай, умумий рақамларни нотўғри талқин қилиб, ижтимоий тармоқларда аҳолига мунтазам нотўғри маълумот бериб келган. Бу орқали ҳудудда мигрантлар билан ишлашга доир умумий ишга катта зиён келтирди. Қатъиян таъкидлаймизки, бу борада Олим Сулаймонов томонидан айтилган бошқа барча гап-сўзлар туҳмат ва ҳақоратдан иборат.
Тошкент вилояти ҳокимлиги жамоаси Олим Сулаймоновни бундай туҳмат ва ҳақоратдан иборат гапларини тўхтатишга, очиқлик сиёсатини суиистеъмол қилмасликка чақиради. Яна бир марта таъкидлаймиз, ҳар қандай қонунбузарликка доир аниқ факт ёки мисол бўлса, ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиши лозим. Шахсий фаразлардан иборат ва ғаразли мақсадларни кўзлаб ҳақорат, камситиш ва ёлғондан иборат гаплар айтиш ва тарқатиш маъмурий ва жиноий жавобгарликка асос бўлиши ҳақида маълум қиламиз, дейди масъуллар.
Изоҳ (0)