Президент фармони билан Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига қўшимча вазифа ва функциялар юкланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Унга кўра, “Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятида замонавий ташкилий тизимни жорий қилиш ва молиявий қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинди.
Фармонга асосан Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон фермерлари кенгаши этиб қайта номланди. Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига деҳқон хўжаликлари ва аҳоли томорқаларини ривожлантириш билан боғлиқ қуйидаги қўшимча вазифа ва функциялар юкланди, жумладан:
- аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликларидаги ер майдонларини тўлиқ хатловдан ўтказиш ва уларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳисобини юритиш ҳамда “Онлайн маҳалла” платформасида аниқ ва батафсил маълумотлар базасини шакллантириш;
- туман ва маҳаллаларнинг ихтисослашув бўйича салоҳият ва имкониятларидан келиб чиқиб, томорқаларда юқори даромадли маҳсулотлар етиштиришни яшил ва инновацион ёндашувлар асосида ташкил этиш орқали аҳолининг юқори даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш ва уларни камбағалликдан чиқариш.
Томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликлари фаолиятини ривожлантириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича кенгаш тузилди. Фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳузурида Деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилди.
Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг 25 фоизини ташкил қилади. Фермердан тортиб оддий ишчигача миллионлаб инсонлар банд бўлган ушбу соҳа мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлиги учун жуда муҳим. Шу боис ҳам сўнгги йилларда қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ жиддий ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларга сув етказиб бериш хизматлари учун тўловлар бекор қилиниши айтилганди.
Изоҳ (0)