Тошкент шаҳрида 6 февраль куни Ўзбекистон томонидан адлия вазири Акбар Тошқулов ҳамда Швейцариянинг Ўзбекистондаги элчиси Константин Оболенский ўртасида “Мусодара қилинган активларни тақсимлаш тўғрисидаги битим” имзоланди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
![](/static/2025/02/06/9-ZlHpcocI.jpg)
Битим доирасида тахминан 182 млн доллар миқдоридаги маблағ Ўзбекистонга қайтарилиши белгиланган.
Мазкур маблағлар Ўзбекистоннинг айрим фуқаролари томонидан ноқонуний орттирилган бўлиб, 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан Гулнора Каримовага нисбатан қўзғатилган жиноят иш юритуви доирасида тўлақонли мусодара қилинган эди.
Маблағлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Uzbekistan Vision 2030 Fondi” Кўп шериклик траст жамғармаси орқали қайтарилади.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг августида Швейцариянинг Берн шаҳрида Ўзбекистон ва Швейцария Конфедерацияси ўртасидаги “Швейцария Конфедерацияси ҳудудида мусодара қилинган ноқонуний орттирилган активларни Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтариш усуллари тўғрисидаги битим” имзоланган. Ушбу битим ноқонуний орттирилган активларни БМТнинг “Uzbekistan Vision 2030 Fondi” деб номланган Кўп шериклик траст жамғармаси орқали Ўзбекистонга қайтариш механизми ҳамда асосий тамойиллар ва мақсадларни белгилайди.
Мазкур ишлар доирасида 2022 йил августда имзоланган биринчи битим тахминан 131 млн доллар миқдоридаги маблағларни Ўзбекистонга қайтарилишини назарда тутади. Янги битим имзоланиши билан Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари йўлида қайтарилган маблағларнинг жами миқдори 313 млн долларга етади.
“Uzbekistan Vision 2030 Fondi” орқали қайтарилаётган маблағлар Ўзбекистон аҳолисининг манфаатлари учун, хусусан соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Изоҳ (0)