Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Хитой ТИВ Консуллик департаментининг Виза сиёсати ва ишлари бошқармаси директори Сон Шию билан консуллик-ҳуқуқий соҳадаги икки томонлама ҳамкорликка оид масалаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар қилди.
Қайд этилишича, музокаралар чоғида Хитойнинг виза сиёсати, икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда Ўзбекистон—Хитой ўртасидаги соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани кенгайтириш хусусида фикр алмашилди.
Хитой томонига сўнги йилларда Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш, тадбиркорлик, бизнес ва хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар ҳамда ва бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.
Ҳукумат томонидан Ўзбекистон ва дунёнинг бошқа мамлакатлари ўртасида визаларни либераллаштиришга устувор масала сифатида қаралаётгани таъкидланиб, бу борада эришилган ижобий натижаларга тўхталиб ўтилди.
Ўзбекистон томони учун келгусида ҳам консуллик-ҳуқуқий соҳадаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири хорижий давлатлар билан виза тартибини янада эркинлаштириш, хусусан, виза талабларидан ўзаро озод этиш тўғрисида келишувларга эришиш ҳисобланиши айтиб ўтилди.
Томонлар, ўзаро самарали ҳамкорлик натижасида икки мамлакат фуқаролари алмашинувини кенгайтириш ва туризм соҳасини изчил ривожлантиришдан бирдек манфаатдор эканлигини қайд этди.
Бошқарма директори Сон Шию Ўзбекистондаги сиёсий, иқтисодий ижобий ўзгаришлар, айниқса, сўнги йилларда дунё мамлакатлари билан визаларни либераллаштириш борасида олиб борилган самарали натижаларни юқори баҳолаб, Хитой томони ҳам ушбу йўналишдаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Соҳага оид олдинда турган масалаларни биргаликда ҳал этишга келишиб олинди.
Хитойга визасиз бориш
2023 йилнинг октябрида Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан ўтказилган брифингда Ўзбекистон—Хитой ўртасида визасиз режим жорий қилиниши мумкинлиги айтилганди. Тадбирда Хитойнинг Ўзбекистондаги элчиси Юй Сзюн визасиз режимни жорий этиш бўйича Хитой ҳукуматида кучли хоҳиш борлигини таъкидлаганди.
“Лекин бу масалаларни мутахассислар орқали муҳокама қилиш ва келишиш керак. Ҳозир Хитой тарафи бу масалани диққат билан ўрганмоқда. Дастлаб виза олиш тартиби енгиллаштирилади, кейинроқ бошқа масалаларни кўриб чиқишга тайёрмиз”, деган эди элчи.
Шунингдек у Ўзбекистон Хитой фуқаролари учун 10 кунлик визасиз режим жорий қилганлигидан миннатдорлигини билдирганди. Хитой фуқаролари учун ўн кунлик визасиз режим 2021 йил март ойидан буён амалда.
2024 йил ноябридан Хитой яна 9 та давлат — Словакия, Норвегия, Финляндия, Дания, Исландия, Андорра, Монако, Лихтенштейн ва Жанубий Кореяни билан визасиз режим жорий қилганди.
2025 йил 31 декабргача амал қилади. Йил бошидан буён у Европанинг 11 давлати, жумладан, Австрия, Германия, Франция, Ирландия, Нидерландия, Италия ва Швейцария, шунингдек, Малайзия фуқароларига ҳам татбиқ этилди. Июнь ойи охирида рўйхатга Польша, Австралия ва Янги Зеландия қўшилди. Дастур шартларига кўра, унга киритилган барча давлат фуқаролари Хитойга ўзларининг оддий паспортлари билан кириб, мамлакатда 15 кунгача визасиз қолишлари мумкин.
Хитойда яна бир визасиз кириш дастури мавжуд бўлиб, ундан 54 давлат, жумладан АҚШ, Канада ва Буюк Британия фуқаролари фойдаланиши мумкин. Ушбу мамлакатлар фуқаролари Хитойга 37 пунктдан бири орқали кириб, учинчи давлатга саёҳат қилиш учун чиптага эга бўлса, мамлакатда 72 ёки 144 соат давомида визасиз қолиш имкониятига эга.
Изоҳ (0)