Қозоғистонда депутат Каракат Абден аёллар учун иш соатини қисқартиришни таклиф қилди. У мазкур чора болалар тарбияси ва оилани мустаҳкамлашга кўпроқ вақт ажратишга ёрдам беришини айтди. Бу ҳақда Аrbat.media хабар берди.
Абденнинг таъкидлашича, Қозоғистонда аёллар лидерлигини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларга қарамай, соҳада тизимли ўзгаришлар йўқ. У мамлакат президенти Қосим Жўмарт Тўқаевнинг “гендер тенглиги — бу шунчаки мақсад эмас, балки ҳаётда акс этиши керак бўлган тамойил” деган сўзларини иқтибос келтирди.
Таклифлар орасида гендер тенглиги ва гендер квоталарнинг бажарилишини кузатиш ҳамда ҳисоб бериш учун миллий мониторинг тизимини яратиш ҳам бор. Депутат аёлларни раҳбарлик лавозимларига тайинлашда уларнинг фақатгина профессионал фазилатлари ва малакаларига эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари Абден давлат хизмати ва квазидавлат секторининг барча даражаларида аёллар лидерлигини ривожлантиришга қаратилган миллий дастурларни ишга туширишни илгари сурди. У Скандинавия мамлакатлари тажрибасидан келиб чиқиб, иш ва оилавий мажбуриятлар ўртасидаги мувозанатни таъминлаш учун аёлларга иш кунини қисқартириш фойдали бўлишини айтди. Депутат аёллар лидерлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида туну кун ишлайдиган болалар боғчалари, иш жойларида болалар хоналарини ташкил этишни ҳамда пуллик декрет таътилини икки йилгача узайтиришни таклиф қилмоқда.
Аввалроқ Меҳнат ва ижтимоий ҳимоя вазири Светлана Жакупова ҳам қозоғистонликлар учун иш кунини қисқартириш масаласини кўтарганди. Бу масала айниқса вақт ўзгариши ва кундузги ёруғлик вақтининг қисқариши билан боғлиқ. Қозоғистон Меҳнат кодекси аллақачон айрим тоифалар учун қисқартирилган иш вақтини назарда тутади, жумладан вояга етмаганлар, зарарли шароитда ишловчилар ва имконияти чекланганлар учун.
Изоҳ (0)