Мамлакатда 2024 йил октябрь ойи учун пенсия тўловлари тўлиқ амалга оширилди. Бу ҳақда Пенсия жамғармаси хабар берди.
Жорий ойда жами 4,1 миллион нафар ўзбекистонлик учун пенсия маблағлари тижорат банкларига молиялаштирилиб берилди. Шундан нақд пулсиз шаклда пенсия олувчи 3,2 миллион кишининг (79 фоиз) пенсиялари банк карталарига ўтказиб берилган.
“Пенсия пулларини нақд шаклда олувчиларга маблағлар 4 октябрь кунидан график асосида, Халқ банкининг сайёр кассалари томонидан етказиб берилади”, дейилади хабарда.
Аввалроқ Пенсия жамғармаси бўлим бошлиғи Даврон Позилов “Дарё”га берган интервьюсида бу йил пенсияларга жами 63 триллион сўм ажратилишини айтганди.
“Жорий йил январь–август ойларида жами пенсия тўловларига 40,2 триллион сўм йўналтирилди. Сентябрдан пенсиялар миқдори 15 фоизга оширилиши ҳисобига яна қўшимча 2,9 триллион сўм ажратилади. Мазкур маблағ қолган 23 триллион сўмга қўшилиб, йил охиригача тўлаб борилади”, деган жамғарма вакили.
Маълумот учун, 2024 йил 1 сентябрдан пенсия ва нафақалар миқдори 15 фоизга оширилди. Хусусан, пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори ойига 428 минг сўм, ёшга доир энг кам пенсия миқдори ойига 834 минг сўм этиб белгиланди. Ҳозирда 2 миллион 200 минг нафар фуқаро ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан юқори миқдорда пенсия олади.
Жорий йил 1 сентябрда Пенсия жамғармасидан пенсия олувчилар сони 4 миллион 49 минг 567 нафарга етгани маълум қилинганди. Энг кўп пенсионерлар Фарғона вилоятида (478,7 минг киши), энг кам кўрсаткич эса Сирдарё вилоятида (103,5 минг) қайд этилган.
Изоҳ (0)