“Ўзбекистон Республикаси миллий малака тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, қуйидагилар миллий малака тизимини ислоҳ қилишнинг асосий йўналишлари этиб белгиланди, жумладан:
- халқаро стандартлар асосида Машғулотлар, касб ва лавозимлар миллий классификаторини ишлаб чиқиш ва ривожлантириш;
- малака рамкалари, касбий стандартлар ва малака талабларини иш берувчи талаблари асосида ишлаб чиқиш, жорий этиш ва ривожлантириш;
- янги авлод касбий стандартлар асосида меҳнат муносабатларини тартибга солиш;
- миллий малака тизимининг норматив-ҳуқуқий, институсионал ва услубий асосларини такомиллаштириш;
- норасмий ва информал орттирилган кўникма ва малакаларни тан олиш (Recognition of Prior Learning) тизимини жорий қилиш;
- кўникмаларни прогнозлаштириш (skills anticipation), кўникмаларга бўлган эҳтиёжларни таҳлил қилиш (skills needs analysis), кўникмалар билан боғлиқ камчиликларни ўрганиш (skills gap analysis) воситалари ва методологияларини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
“Таълим соҳасидаги лойиҳалар маркази” лойиҳа офиси ҳузурида Миллий малака тизимини ривожлантириш институти ташкил этилади. 2025 йил 1 февралгача институтда Миллий малака тизимини ривожлантириш бўйича малака ошириш курслари йўлга қўйилади.
2025 йил 1 ноябргача Миллий малака тизимининг ягона рақамли платформаси ишлаб чиқилади ва амалиётга киритилиши таъминланади.
2026 йил 1 декабрга қадар илғор хорижий тажриба асосида 1800 та касбни қамраб олувчи касбий стандартлар ишлаб чиқилади ва амалиётга киритилиши таъминланади.
Президент Шавкат Мирзиёев 24 сентябрь куни касбий таълимни ривожлантириш ва миллий малака тизимини ислоҳ қилишга оид таклифлар тақдимоти билан танишганди. Тақдимотда Миллий малака тизимини ислоҳ қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилганди.
Тақдимотда мингдан зиёд ишчи касбларнинг стандартлари ишлаб чиқилмаган, айрим касблар бўйича квалификациялар халқаро талабларга мос келмаслиги қайд этилганди. Шу боис энди Касбий малака ва билимларни ривожлантириш республика кенгашига бош вазир раислик қилади. Унинг таркибида 24 та янги тармоқ кенгашлари тузилади.
Изоҳ (0)