Ўзбекистонга қўшни давлатдан уч метрли бўғма илон олиб ўтаётган шахс ушланди, деб хабар бермоқда Божхона қўмитаси ахборот хизмати.
Маълум қилинишича, “Ғишткўприк” чегара божхона постида қўшни давлатдан кириб келган пиёдага тегишли қўл сумкаси назорат-рентген ускунаси орқали кўздан кечирилганида, унинг ичида божхона ходимларининг оғзаки сўровида ва йўловчи божхона декларациясида маълум қилинмаган 1 бош илон борлиги аниқланди.
3 метр узунликдаги мазкур илон дастлабки маълумотларга кўра, йўлбарссимон албинос бўғма илони бўлиб, асосан Жанубий ва Жанубий-шарқий Осиёда яшайди.
Халқаро Қизил китобга киритилгани сабабли мазкур жониворни Ўзбекистонга олиб киришда халқаро CITIES рухсатномаси талаб этилади. Аммо, юқоридаги ҳолатда йўловчи бу каби ҳужжатларни божхона ходимларига тақдим қила олмади.
Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Илон эса Тошкент ҳайвонот боғига топширилган бўлиб, мутахассислар унинг ҳолатини барқарор деб баҳоламоқда.
Бундан аввал Ўзбекистондан 400 дона тошбақани яширинча олиб чиқмоқчи бўлганлар тўхтатиб қолинган эди. Шунингдек, Фарғонада 83 дона тошбақани қўшни давлатга олиб чиқиб кетмоқчи бўлган шахс қўлга олинганди.
Изоҳ (0)