Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 20 сентябрь куни эрталаб Киевга ташриф буюрди.
Германиянинг МДР ижтимоий-ҳуқуқий медиа компанияси хабарига кўра, фон дер Ляйен Украина президенти Владимир Зеленский билан қишда мамлакатни энергия билан таъминлаш учун Европа Иттифоқининг (ЕИ) Киевга кўрсатадиган ёрдамини муҳокама қилмоқчи.
Хусусан, ЕИ Россия ҳужуми оқибатида уйларини ташлаб кетишга мажбур бўлган украиналикларни иситиш ва бошпанаси учун тўлашга 60 миллион евро ажратмоқчи. Яна 100 миллион евро уруш оқибатида Украинадаги вайрон бўлган энергетика инфратузилмасини тиклашга мўлжалланган.
Қайд этилишича, Россия ҳужумлари туфайли Украинада ишлаб чиқарилган электр қуввати ҳажми 9 гигаваттга камайган.
Халқаро энергетика агентлиги (ХЕА) маълумотларига кўра, Россия-Украина уруши бошланганидан бери Украинанинг электр энергия ишлаб чиқариш қобилияти Россия томонидан вайрон қилинган инфратузилма туфайли учдан икки қисмга камайган.
ЕИ Украинага қиш мавсумини енгиб ўтиш учун инсонпарварлик ёрдами сифатида ажратадиган 160 миллион евро Россиянинг ЕИ ҳудудида музлатилган активларидан тушадиган маблағдан тақдим этилади.
Молиявий ёрдамдан ташқари, ЕИ Киевга шикастланган энергетика инфратузилмасини тиклаш ва мамлакатга қўшимча электр энергияси етказиб беришда ёрдам беради. Бундан ташқари, Литвада қазиб олинадиган ёқилғи электр станцияси демонтаж қилинади ва Украинага кўчирилади.
Изоҳ (0)