АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти август ойида АҚШ Конгрессига махсус сўров юбориб, ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларидан олдинги ва кейинги даврда Махфий хизматни молиялаштиришни кўпайтиришни сўради. Бу ҳақда CNN манбаларга таяниб хабар берди.
Оқ уйнинг таъкидлашича, қўшимча маблағсиз Махфий хизмат “ҳимоя операцияларини амалга ошириш ва кучайтириш учун етарли ресурсларга эга эмас”. Шу билан бирга, қўшимча харажатларнинг аниқ миқдори кўрсатилмаган.
Телеканалнинг ёзишича, Байден маъмурияти сўровни Махфий хизматни қисқа муддатли молиялаштириш тўғрисидаги қонун лойиҳасининг стандарт мазмунига қўшимча сифатида киритган. Мазкур қўшимча 13 июль куни Пенсилваниядаги сайловолди митингида АҚШ собиқ президенти Дональд Трампнинг ҳаётига илк суиқасддан кейин юборилган.
Манбаларга кўра, Оқ уй ва Конгресс бир неча ҳафта ичида қўшимча молиялаштириш масаласини муҳокама қилади.
Изоҳ (0)