Ўзбекистон Халқ-демократик партиясининг XIV Қурултойида сайловолди дастури тасдиқланди.
Қурултойда ХДПнинг 2025-2029 йилларга мўлжалланган сайловолди дастури делегатларга тақдим этилди. Бу ҳужжатда давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқ ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсатни олиб бориш бўйича 10 та йўналишда қарийб 15 қадамни ўзида мужассам этган 100 та таклиф ва ташаббуслар кўзда тутилган.
Хусусан, адолатли пенсия тизимини жорий этиш, аҳолининг дори воситаларига қарамлигини қисқартириш, мактабларда чет тиллари ва ахборот технологияларини ўрганиш соатларини кескин кўпайтириш, ўзини ўзи банд қилганлар учун шароитларни яхшилаш, уй-жой қурилишида иштирокчиларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилмоқда.
Шу билан бирга партиянинг янги дастурида ижйимоий ҳимояни ривожлантириш, Қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда давлат ва жамият қурилиши йўналишларида бир қатор муҳим таклиф ва ташаббуслар ўрин олганлиги маълум қилинди.
Қурултой делегатлари партиянинг асосий мақсад ва ғоялари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли манфаатларига оид таклифлар киритилган Сайловолди дастурини тасдиқлади.
Шунингдек, қурултойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларини сайлаш учун бир мандатли округдан 75 нафар ва пропорсионал тизим асосида 100 нафардан иборат партиянинг номзодлар рўйхати тақдим этилди.
Номзодларнинг 47,4 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 8 фоизини ҳуқуқшунослар, 13 фоизи иқтисодчи, 6 фоизи муҳандис, 9 фоизини тиббиёт, 31,4 фоизини педагоглар, 32,6 фоизини бошқа соҳа вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 18 нафарида фан номзоди (PhD) ва 15 нафарида фан доктори (DSc) илмий даражаси мавжуд.
Изоҳ (0)