Қирғизистон президенти Садир Жапаров жамоатчилик асосида фаолият юритган барча 26 нафар ёрдамчи ва маслаҳатчиларни ишдан олди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу қарор президент администрацияси ислоҳоти ва бошқарув тизимини такомиллаштириш доирасида қабул қилинган. Жамоатчилик асосида фаолият юритган 7 нафар ёрдамчи ва 19 нафар маслаҳатчи ўз лавозимларидан олинган. Президентнинг маслаҳатчилари ҳамда ёрдамчилари Садир Жапаров томонидан тайинланади ҳамда лавозимдан озод этилади. Улар президент администрацияси таркибига киради.
Алоҳида масалаларни ўрганиш мақсадида президент жамоатчилик асосида (президент администрациясининг штат бирлигидан ташқари) маслаҳатчилар ва ёрдамчилар тайинлайди.
Президент маслаҳатчиларининг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:
- ўзлари масъул бўлган йўналишлар бўйича мамлакатдаги ва чет элдаги вазиятни таҳлил қилиш, давлат раҳбарини хабардор этиш;
- фаолиятларининг турли соҳаларида таклифлар ишлаб чиқиш ва тақдим этиш;
- президентнинг топшириқлари асосида хорижий мансабдор шахслар билан музокаралар ва маслаҳатлашувлар ўтказиш.
Ёрдамчиларнинг асосий вазифалари президентнинг аниқ йўналишлар бўйича амалий фаолиятида кўмаклашишдан иборат. Президент ўз олдида турган вазифаларнинг устуворлиги ва муҳимлигига қараб, маслаҳатчи ва ёрдамчиларга бошқа вазифа, ваколатларни юклаши мумкин.
Изоҳ (0)