Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари Республика Миллий гвардияси бош қўмондони ўринбосарини қўлга олди. Бу ҳақда мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълум қилди.
“Миллий гвардия бош қўмондони ўринбосари ноқонуний хатти-ҳаракат содир этишда гумон қилиниб, қўлга олинганини тасдиқлаймиз”, дейилади хабарда.
Ички ишлар вазирлиги ўз сафларида коррупциянинг ҳар қандай кўринишларига тоқат қилмасликни эълон қилиб, амалдаги қонунчилик доирасида холис ва ҳар томонлама тергов олиб боришга ваъда берди. Бироқ қўлга олинган шахснинг исми айтилмаган.
Ҳозирда Қозоғистон Миллий гвардиясига генерал-лейтенант Эркин Бўтаканов бошчилик қилмоқда. Унинг ўринбосарлари: генерал майор Қайрат Актанов, генерал майор Бауржан Абжанов, генерал майор Қайрат Умбетов, генерал майор Константин Воронкин ва генерал майор Жандос Омарқулов.
30 август куни Қозоғистоннинг собиқ президенти Нурсултон Назарбоев жиянининг собиқ хотини Гулмира Сатибалди 12 йилга озодликдан маҳрум қилингани хабар берилганди.
У одам ўғирлаш, товламачилик ва ўзбошимчаликда айбдор деб топилди. Унинг ҳайдовчиси ва ёрдамчиси Мади Батиршаев эса одам ўғирлаш айби билан тўққиз йилга озодликдан маҳрум қилинди.
Изоҳ (0)