Мусиқа ихлосмандларига “Ота-онанг топилмайди” қўшиғи билан яхши таниш хонанда ва созанда Шерзод Эргашев “Дарё”га интервью берди ҳамда суҳбат давомида яккахон концерт дастурига тайёргарлик кўраётгани ҳамда ўзбек миллий мусиқа санъатидаги муаммолар ҳақида гапирди.
— Кўпчилик ҳозир ноёб жиҳатни сизда кўради. Ҳам қўшиқ айтиб ҳам созни чаласиз. Бу кам учрайдиган ҳолат. Асли созандамисиз?
— Санъаткорлар оиласида туғилганман. Раҳматли отам устоз санъаткор Шерали Жўраев билан тор чолғусини чалиб, анча йиллар давомида бир гуруҳда ижод қилган. 1993 йилдан 2017 йилгача бирга ишлашган. Энг яқин, ишонган дўстларидан бири бўлганлар. Отам ҳам истеъдодли хонанда, ҳам созанда эди. Уларнинг устозлари Рустам қори Турсунов ҳам худди шундай истеъдод эгаси бўлган. Ўзим ёшлигимдан тор сирларини яхши ўзлаштирганман, устозлар билан кўп давраларда бирга бўлардик. Отам: “Хонандаликдан олдин созандаликни мукаммал ўрганишинг шарт. Созни мукаммал чала олмаган хонанда — хонанда эмас” деган. Санъат мактаби ва коллежида, кейин педагогика университетида ўқидим, лекин барибир энг биринчи устозим отам бўлган. Олийгоҳда ўқиётганимда мутация яъни овоз ўзгариш даврида созандалик, овозим жойига тушгач хонандалик қилдим. Одамларнинг назарига хонандаликдан кўра созанда сифатида тушдим.
Халқимизда торда фақат оғир, ғамгин куйлар ижро этилади, деган фикр бор. Карантин вақтларида Майкл Жексоннинг “They donʼt care about us” қўшиғини торда мусиқа тарзида ижро қилдим. Бу чет элликларнинг ҳам назарига тушди ва эронликлар ижтимоий тармоқлар орқали бизда ҳам торда ижод қиладиганлар бор деб дуэт таклифлари билан чиқишди. Дуэт куйладик, дуэтимизга бошқа давлатларда ҳам яхши фикрлар билдирилди.
— Торда чел эл куйларини чалганда оҳанг тарафлама қийин бўлмайдими?
— Бунга алоҳида меҳнат керак, устида анча ишланди. Барибир оҳанглар ўзбекчага тортиб кетади. Эронлик санъаткор қиз билан “Фаридам” номли куй ижро этдик, бу бизга Майкл Жексоннинг куйидан-да, кўпроқ машҳурлик олиб келди. Тингловчилар қалбидан ўрин эгаллади, албатта.
Хонанда “Ота-онанг топилмайди” қўшиғи билан халқ назарига тушган.
— “Ота-онанг топилмайди” қўшиғи тожикистонлик санъаткор Алишер Илмолимовга тегишли. Ўзимга бу қўшиқ ёққани учун ижро қилдим ва бунга халқнинг меҳри тушди десам бўлади. Кўпчилик мени айнан шу қўшиқ билан таниди. “Жон қизим”, “Шошма, қуёш”, “Дунё гўзали” қўшиқлари ҳам халқ эътирофига тушди, хизматларда ҳам шу қўшиқларни айтишимни сўрашади.
— Қандай янгиликлар, ғоялар устида ишлаяпсиз?
— Ҳар куни шу ҳақида ўйлайман, изланишдаман. Бир куни кўчада бир аёл мушугига қошиқда сут бераётганини кўриб қолдим. Мушук ҳам оҳанг билан ичаётганди (кулиб). Ўйлаб қолдим, шуни ҳам куйга солиб кўрайчи деб. Компьютер ва ўзимизни техникалар орқали куйни яратдим, ноодатий чиқди. Facebook, Twitter, Тik Тоk’да жуда тарқалди, икки кунда 10 миллионлар кўришлар бўлди ва европалик мусиқачилар дуэт тарзида эргашди. Барабан, саксофон ва удда жўр бўлиб видеолар жойлашди. Видеога Ўзбекистон деб ёзиб байроқни ҳам қўйгандим, қўшиқ жуда катта машҳурликка эришди.
Хонанда ёшларни миллий мусиқага қизиқтириш ҳақидаги фикрлари билан ҳам ўртоқлашди.
— Ўзим хонандаликдан ташқари мусиқа санъатидан дарс бераман. Тор орқали европача мусиқаларини чалишдан мақсадим ҳам ёшларни миллий чолғу асбобларига муҳаббатини ошириш бўлган. Нега фақат гитара бўлиши керак? Мени қийнайдиган мавзу — бошқа давлатларда ўзининг миллий мусиқасига эътибор катта, улар ҳеч кимга эргашмайди, масалан, Озарбайжон, Туркияда.
— Биламизки хонандалар тўйларда асосан шўх-шодон қўшиқлар айтади, бир гап билан айтганда сокин куйларингиз тирикчиликка халал бериб қолмайдими? Тўйлардаги хизматингиз нархи қанча?
— Яхши қўшиқ ҳеч қачон тирикчиликка халал бермайди, очиғи. Хизматим қиммат эмас, халқбоп, чўнтак кўтарадиган (кулиб). Халқимизнинг иқтисодий ҳолатидан келиб чиққан ҳолда. Вилоятларга кўп чақиришади. Унда албатта, Тошкентдаги тўйлардан нархи бир оз баландроқ бўлиши табиий.
— Санъаткор бир оз машҳурликка эришгач, концерт беришни хоҳлаб қолади. Сизда концерт режаси қандай?
— Концерт бу мухлисларнинг талаби. Қачон концерт берасиз, маза қилиб эшитайлик дейдиганлар кўпайди. Мухлисларнинг талаб ва таклифига кўра 1 октябрда “Халқлар дўстлиги” санъат саройида бир кун илк яккахон концерт беришни режалаштирдим. Янги куй-қўшиқлар кўп бўлади.
Интервьюни тўлиқ ҳолда Daryo Lifestyle каналида томоша қилинг.
Изоҳ (0)