Telegram мессенжери асосчиси Павел Дуров Парижда ҳибсга олинганидан сўнг сўроқ пайтида Франция ички хавфсизлик бош бошқармаси (DGSI) вакиллари билан алоқада бўлганини маълум қилди. Бу ҳақда Liberation нашри манбага таяниб хабар берди.
Маълум бўлишича, Дуров Дубайда DGSI вакиллари билан учрашган.
Ушбу учрашув қачон бўлиб ўтгани номаълум. Таъкидланишича, унда Telegram асосчиси “ҳарбий сирни ташкил этувчи маълумотларни ошкор қилиш унинг учун ноўрин бўлишини” айтган. Қайси маълумотлар муҳокама қилинаётгани аниқланмаган.
Павел Дуров, шунингдек, терроризмга қарши кураш учун DGSI билан “ишонч телефони ва махсус электрон почта манзили билан” расмий алоқа каналини очганини ҳам айтган. Унинг таъкидлашича, маълумотлар алмашинуви бир неча терактларнинг олдини олишга ёрдам берган.
Liberation’га кўра, қўлга олинганидан сўнг Дуров ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мобил телефони ва кириш кодини берган. 25 август куни Франция президенти Эммануэл Макрон БАА раҳбари шайх Муҳаммад бин Зоид ал Наҳаён билан унинг ҳибсга олиниши билан боғлиқ вазиятни муҳокама қилган.
Telegram асосчиси 24 август куни Парижга етиб келганида қўлга олинган эди. Унга Telegram’даги фирибгарларнинг ҳаракатлари ва мессенжернинг Франция расмийлари билан ҳамкорлик қилишдан бош тортгани билан боғлиқ олтита банд бўйича айблов қўйилган. 28 август куни Дуров суд назорати остида 5 миллион евро гаров эвазига қўйиб юборилган ва Францияни тарк этиши тақиқланган. Шунингдек, унинг акаси Николай Дуров ҳам мамлакатда қидирувга берилгани ҳақида хабар берилган.
Изоҳ (0)