Европа дипломатияси раҳбари Жосеп Боррел болаларни полиомиелитга қарши эмлаш учун Ғазо секторида уч кунлик ўт очишни тўхтатишга чақирди.
Маълум бўлишича, секторда 640 минг нафардан ортиқ бола эмланиши керак.
“Полиомиелитнинг тез тарқалиши Ғазодаги болаларга таҳдид солмоқда, улар аллақачон кўчиш ва тўйиб овқатланмасликдан заифлашган. Мен музокараларнинг қолган қисмидан қатъи назар, ЖССТ ва UNICEF эмлаш ўтказишига рухсат бериш учун Ғазода зудлик билан уч кунлик ўт очишни тўхтатишга чақираман”, деб ёзган Боррел Х ижтимоий тармоғида.
Ғазода полиомиелит билан биринчи касалланиш ҳолати ўн ойлик чақалоқда кузатилган. БМТ анклавдаги 1,255 миллион кишига полиомиелитга қарши вакцина етказиб берган. 27 август куни ташкилот Исроилнинг Дайр ал-Балаҳ шаҳрининг бир қанча ҳудудларини эвакуация қилиш ҳақидаги буйруғи туфайли кейинги гуманитар тадбирларни тўхтатганини маълум қилган.
Июль ойи охирида Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ғазода полиомиелит эпидемияси тарқалгани ҳақида эълон қилган. Вазирлик маҳаллий аҳолининг шароити, жумладан, ичимлик сувининг етишмаслиги инфекциянинг тарқалишига таъсир кўрсатгани сабабли ҳодисада Исроилни айблаган.
Изоҳ (0)