АҚШ президенти Жо Байден Курск вилоятидаги вазиятдан мунтазам хабардор бўлиб турибди. Бу ҳақда Оқ уйга таяниб “РИА Новости” хабар берди.
Мен ходимларим билан сўнгги олти-саккиз кун ичида ҳар 4-5 соатда хабарлашиб турибман. Бу Путин учун ҳақиқий дилемма яратади. Биз украиналиклар билан бевосита ва доимий алоқадамиз. Вазият фаол фазада, дейди АҚШ етакчиси.
Байден шу кунгача Украина қуролли кучларининг Курск вилоятидаги ҳужуми ҳақида очиқ гапиришдан бош тортган.
Аввалроқ Bloomberg Украина Россия ҳудудига бостириб кириши учун АҚШ ва Европа Иттифоқи раҳбариятининг “розилиги”ни олгани ҳамда Россияга кутилмаган ҳужумнинг бир нечта сценарийларини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эди.
Украинанинг Курск вилоятига ҳужуми
6 август куни эрталаб Украина армияси бўлинмалари Курск вилоятининг Суджа тумани ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олишга уринган. Украина бош қўмондони Александр Сирский Россиянинг Украинадаги икки ярим йиллик босқини энди унинг ўз ерларига қайтаётганини айтган. Мавжуд вазият туфайли Россия истаса ҳам Курскдаги украин бўлинмаларни тезда йўқ қилолмаслиги таъкидланган.
Рус маҳаллий нашрларига кўра, Россия ҳукумати ғарбий вилоятлардан аҳолини эвакуация қилишни фаол давом эттирмоқда. Ҳозиргача 121 минг киши кўчирилган. Яна 59 минг кишини кўчириш режалаштирилмоқда.
Курск маҳаллий губернатори ҳудуддаги 28 га яқин қишлоқ Украина қўшинлари қўлига ўтгани, 12 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлгани ва вазият оғирлигича қолаётганини хабар берган. 12 август тунида украин бўлинмалари Курск ичкарисига 30 километргача кириб борган.
Кремль расмийлари 2 мингга яқин фуқаро Украина босиб олган ҳудудларда қолиб кетгани ҳақида хабар берган. Айни пайтда улар билан боғланиш учун ҳеч қандай имконият мавжуд эмас.
Изоҳ (0)