Вазирлар Маҳкамасининг “Маҳаллаларда аҳоли муаммоларини аниқлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2024 йил 1 октябрдан бошлаб маҳаллаларда фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммолари ягона саволнома асосида бирламчи ўрганилади. Ягона саволнома асосида аниқланган муаммолар “Рақамли маҳалла” платформасида шакллантирилади ҳамда “маҳалла еттилиги”нинг тегишли электрон платформаларига фуқаро билан индивидуал тартибда ишлаш учун буюртма шаклида юборилади.
Ягона саволнома асосида шакллантирилган буюртмага мувофиқ “маҳалла еттилиги” томонидан фуқароларнинг муаммолари атрофлича ўрганилади, таҳлил қилинади ва зарур чоралар кўрилади.
Ҳужжат билан Ягона сўровнома асосида фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини аниқлаш ва ҳал қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
У қуйидагиларни белгилайди:
- ягона сўровнома асосида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий муаммоларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича масъул давлат органлари ва ташкилотларнинг мажбуриятлари;
- сўровларни ўтказиш босқичлари ва усуллари;
- “маҳалла еттилиги” рейтингини юритиш ва “Рақамли маҳалла” платформасида ишлаш тартиблари.
Фуқаролар муаммоларини ягона сўровнома ёрдамида ўрганиш қуйидаги ҳолларда ташкил этилади:
- фуқаронинг мурожаати асосида;
- “эшикма-эшик” юриш натижалари бўйича;
- бошқа фуқароларнинг шахснинг ижтимоий-иқтисодий ёрдам (хизмат)га эҳтиёжи тўғрисида хабар бериши.
Ягона саволномага асосан бирламчи ўрганиш натижасида фуқарода муаммо ёки ёрдамга муҳтожлиги аниқланмаса, фуқарони ўрганиш ишлари шу босқичниннг ўзида якунланади. Бунда ягона саволномага асосан бирламчи ўрганиш ўтказишга фуқаро томонидан розилик билдирилмаган тақдирда, ягона саволнома бўйича ўрганиш ўтказилмайди.
Ягона саволнома асосида маҳаллада ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли муаммоларини аниқлаш тизимини йўлга қўйиш “Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарорида белгиланганди.
Изоҳ (0)