Хоразм вилоятининг Гурлан туманидаги ғишт ишлаб чиқариш заводида 4,7 млрд сўмлик электр энергияси ўғринча фойдаланилгани аниқланди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг маълум қилишича, ҳолат энергия ресурсларни талон-торож қилинишини фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давомида аниқланган.
Гурлан туманидаги “Х.Ш.” МЧЖ раҳбари Э.С. жамиятга қарашли ғишт ишлаб чиқариш заводидаги ҳисобга олиш ускунаси уланиш схемаларини ўзгартириш йўли билан ташқари таъсир кўрсатиб, 4 миллиард 786 миллион сўмлик (5 миллион 318 минг кВт./соат) электр энергиясини ўғирлаган.
Мазкур ҳолат юзасидан Э.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилиб, гумонланувчи шахс процессуал тартибда ушланган.
Жиноят кодексида бундай жиноят учун 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
“Ўзэнергоинспекция” матбуот хизмати берган маълумотга кўра, сўнгги бир ойда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланишлар натижасида давлат манфаатларига 234 миллиард 778 миллион сўмлик зарар етказилди.
Аввалроқ Самарқандда 1,1 миллиард сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган ғишт заводига жиноят иши қўзғатилгани, Сирдарёда 491 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланган фермер хўжалиги раҳбари ушлангани ҳақида хабар берилган эди.
Изоҳ (0)