Bloomberg нашри “Ажратиш” илмий-фантастик триллерининг иккинчи мавсумини кино тарихидаги энг қиммат кўп қисмли лойиҳа деб атади. Журналистлар Apple TV+ стриминг хизмати ҳолати ва лойиҳага сарфланган маблағни ўрганиб чиқиб, шундай хулосага келишди.
Сериал режиссёри Бен Стиллер лойиҳанинг биринчи мавсумига ажратган бюджет 40 миллион доллардан ошганди, сериал давоми эса ҳар бир эпизод учун 20 миллион долларга тушди. Қайд этилишича, “Аждаҳолар уйи” сериали ҳам худди шундай умумий бюджетга эга, бироқ мазкур сериал катта муваффақиятга эришди ва “Ажратиш” дан кўра кўпроқ машҳур бўлди.
Маълум бўлишича, Apple TV+ стриминг хизмати ҳануз аудиторияни жалб қилишда катта муаммоларга дуч келмоқда. “Ажратиш” нинг иккинчи мавсуми учун ҳам катта харажатлар бўлиш кутилмоқда. Компания кейинги йил январь ойида янги эпизодларни чиқариш орқали имкон қадар кўпроқ томошабинларни жалб қилишга умид билдирган.
“Ажратиш” (“Sеvеrаncе”) — Американинг психологик триллер жанридаги илмий-фантастик телесериали. Унда Lumon Industries компаниясининг Марк исмли ходими иши билан боғлиқ бўлмаган хотиралар ва ишдаги хотираларни “ажратиш” процедурасига рози бўлади. Сериал биринчи мавсуми 2022 йилда намойиш этилган. Лойиҳада актёрлардан Адам Скотт, Зак Черри, Бритни Лоуэр ҳамда Жен Таллок иштирок этган.
Изоҳ (0)