Ўзбекистонда жазирама об-ҳаво кузатилаётгани боис Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати йўлга қўйилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистондаги барча бирламчи тиббиёт муассасаларида патронаж хизматлари кучайтирилиб, сурункали касалликларга чалинган ётоқ шароитидаги беморларга ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.
Шунингдек, мамлакат бўйлаб 2 852 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимо шай ҳолатда.
Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлимларида ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон томир касалликлари марказларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.
Вазирлик жазирама кунларда, энг аввало болалар, қариялар, ҳомиладор аёллар ва сурункали касалликлардан азият чекаётган беморлар соғлиғига янада эътиборли бўлишга чақирди.
Ўзбекистонда 25—29 июль кунлари жуда иссиқ ҳаво бўлиши кутилаётгани хабар қилинганди. Прогнозларга кўра, республика ҳудудининг катта қисмида (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидан ташқари) ҳаво ҳарорати кундуз кунлари 40-43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 44-45 даражагача кўтарилади.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларга қуёш уришидан сақланиш қоидалари бўйича эслатма билан чиқди.
Изоҳ (0)