Экология вазирлиги Сурхондарё вилояти Денов туманида хонадонлардан бирига бўри келиб қолгани юзасидан изоҳ берди.
Маълум қилинишича, Сурхондарё вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига Деновдаги хонадонлардан бирига бўри келиб қолгани ҳақида мурожаат келиб тушди.
Мурожаат вилоят Миллий гвардия бошқармаси ҳамда “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ходимлари ҳамкорлигида ўрганилди. Ўрганиш натижасида бўри Денов тумани “Ибн Сино” маҳалласида яшовчи фуқаро М.И.нинг хонадонига кириб қолгани, фуқаро аҳолига зарар етказмаслиги учун бўрини уйида сақлагани ва вилоят Экология бошқармасига мурожаат қилгани маълум бўлди.
Бўрининг саломатлиги мутахассислар томонидан кўздан кечирилди ва “Юқори Тўпаланг” миллий табиат боғи ҳудудига қўйиб юборилди.
Изоҳ (0)