Германия ҳукумати маҳаллий мусулмонлар уюшмасини радикал ғояларга берилиш айблови ортидан тақиқлаб қўйди. Бу ҳақда Германия Ички ишлар вазирлиги 24 июль куни берган маълумотга асосланиб, Reuters нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, “Гамбург мусулмонлари маркази” уюшмаси ва унинг шўба ташкилотлари фаолияти бутун мамлакатда тақиқланган. Ташкилот радикал исломий мақсадларни кўзлаб тарғибот олиб боришда гумонланган.
Германия полицияси мамлакатнинг саккиз штатида уюшмага алоқадор 55 та бинода суд қарори асосида тинтув ўтказган. Тергов тугагунга қадар уюшма фаолияти тўхтатилган. Ташкилотнинг Франкфурт, Мюнхен ва Берлиндаги бўлимлари ёпилган.
Полиция уюшма тасарруфидаги масжидларда ҳам рейдлар ўтказган. Жумладан, Гамбургдаги энг қадимий масжидлардан бирида полиция узоқ тинтув амалга оширган.
Манбада айтилишича, ташкилот таркиби асосан исломнинг шиа оқимига мансуб шахслардан иборат бўлган. Тинтувлардан сўнг шиалар ибодат қиладиган 4 та масжид бутунлай ёпиб қўйилган.
“55 та объектда ўтказилган тинтув натижалари бугун “Гамбург мусулмонлари маркази” (“Islamisches Zentrum Gamburg”) номи билан машҳур бўлган уюшманинг тақиқланишига олиб келди. Биз Германияда исломий-экстремистик, тоталитар мафкурани тарғиб қилувчи гуруҳ фаолиятига нуқта қўйдик”, дейилади Германия ички ишлар вазири Ненси Фазер баёнотида.
Терговчилар гуруҳ мафкурасини инсон қадр-қиммати, аёллар ҳуқуқлари, мустақил суд тизими ва демократик ҳукумат тамойилларига зид деб топган. Сўнгги ўрганишлар шиа оқимининг Германияда тинч амалиётига мутлақо тааллуқли эмаслигини кўрсатгани айтилган.
Ички ишлар вазирлиги гуруҳ раҳбарлари Эрон билан алоқада бўлганини маълум қилган. Улар Германияда теократик бошқарувни яратадиган ислом инқилобини амалга оширишга тайёргарлик кўришда айбланган.
Изоҳ (0)