Президентнинг “2024/2025-ўқув йили учун давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишнинг давлат буюртмаси параметрлари тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Унга кўра, эндиликда давлат олий таълим муассасаларига киришда тўплаган балига нисбатан маълум миқдордаги қўшимча балл бериладиган шаклдаги имтиёзга эга абитуриентлар 2024/2025-ўқув йилида танлаган таълим йўналиши бўйича белгиланган ўтиш бали ва ундан юқори балл тўплаган тақдирда, тўплаган балига мос равишда давлат гранти ёки тўлов-контракт асосида қўшимча квота билан талабаликка тавсия этилади.
Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев ушбу ўзгариш бўйича тушунтириш берди. Унинг ёзишича, эндиликда қўшимча балл бериладиган имтиёзлар, энг асосийси Темурбеклар мактаби битирувчилари агар ўтиш бали учун етарли балл тўплай олса, унда улар учун қўшимча квота ажратилади.
“Бунда олдиндан қўшимча квота сони маълум қилинмайди, чунки неча нафар битирувчи ўқишга кира олиши олдиндан маълум бўлмайди. Мандатдан кейин имтиёзлиларга нечта грант ёки нечта контракт ажратилиши аниқ бўлади.
Энг муҳими, энди Темурбеклар мактаби битирувчилари бошқаларга халақит бермайди. Ниҳоят бизни эшитишди, раҳмат”, – деб ёзади Хушнудбек Худойбердиев.
Изоҳ (0)