Тошкент вилоятининг Бекобод туманида кредит маблағларини талон-торож қилиш ҳолати аниқланди.
Президент қарори доирасида Бекобод туманидаги АТ банки томонидан чорвачилик йўналишида ажратилган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан текширув тадбирлари ўтказилди.
Унда Бекобод туманидаги сут ва сут маҳсулотлари етиштириш ҳамда наслли чорва молларни кўпайтириш билан шуғулланувчи “Б.Ф.” МЧЖга Австриядан 65 бош наслли, йирик шохли чорва моллари олиб келиш мақсадида 2020 йилда банк томонидан 7 йил муддатга 2 йил имтиёзли давр билан йиллик 19 фоиз устама тўлаш, шундан 3 фоизини ҳукумат ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан қоплаб бериш шарти билан 1 млрд 680 млн сўм кредит маблағлари ажратилган.
Шунингдек, ҳукумат қарори билан тасдиқланган низомга асосан, хориждан келтирилган чорва моллари учун 116 млн сўмлик субсидия ҳам ажратилган.
Аммо, МЧЖ томонидан банкка тақдим қилинган бизнес режада кўрсатилган сут маҳсулотлари етиштириш ва наслли молларни кўпайтириш, уларни икки авлод олгунгача сақлаш билан боғлиқ ишлар амалга оширилмаган. Аксинча, 44 бош наслли, йирик шохли чорва моллари нақд пулга сотиб юборилган.
Бунинг натижасида 1 млрд 82 млн сўмлик кредит маблағлари талон-торож қилинган.
Ажратилган кредит маблағларининг мақсадли сарфланиши юзасидан банк томонидан керакли даражада мониторинг ишлари олиб борилмаган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан МЧЖ мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 19211-моддаси 2-қисми “а” банди билан, банк мансабдорларига нибатан эса Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Изоҳ (0)