Бразилияда ўтказилган Олимпиада чемпиони, бир неча бор оғир атлетика бўйича Жаҳон ҳамда Осиё чемпиони Руслан Нуриддинов Олимпиада ғолиблиги учун берилган 200 минг АҚШ долларини қаерга ишлатгани ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда спортчи “Olamsport” нашрига берган интервьюда тўхталиб ўтди.
“Ҳар қандай спортчи “туннелча фикрлаш синдроми”га учрайди. Биз спортчилар буйруқ бўйича ишлашга ўрганиб қолганмиз. Кимдир бизга йўналиш берса, шунга қараб ҳаракат қиламиз, бошқача фикрлай олмаймиз. Атрофдаги имкониятларни кўра олмаймиз. Менда ҳам шундай бўлди”.
Спортчи қандай бизнесга пулларини ажратгани ҳамда соҳага киришдан олдин уни яхшироқ ўрганиш кераклиги ҳақида гапирди.
“Бизнесни ўрганиб кейин киришиш керак экан. Мен эса “шу нарсанинг бозори чаққонми, босамиз” деган фикр билан пулимни тикканман.
Биринчидан саросимага тушиб қолар экансиз: мен аввал бунча пулни ишлаб топмаганман. Афсуски, ўша пайт ёнимда ёмон одамлар бўлган. Уларга ишониб бор пулимни йўқотдим. Камига минусга ҳам кирдим.
Ўша пайти қишлоқ хўжалигига, гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқариш бизнесига пулимни тиккандим”, дейди Руслан Нуриддинов.
Эслатиб ўтамиз, Париж—2024 Олимпиадасида ҳам ўзбекистонлик спортчиларга олтин медал учун 200 минг, кумуш—100 минг, бронза учун 50 минг АҚШ доллари мукофот пули ваъда қилинган.
Изоҳ (0)