Жиззах вилоятининг Пахтакор, Янгиобод ҳамда Ғаллаорол туманларида “свет” ва газдан ноқонуний фойдаланган фермер хўжалиги ва чойхона аниқланди. Бу ҳақда “Ўзэнергоинспекция” хабар берди.
Маълум қилинишича, Пахтакор туманида жойлашган “У.С.Н.” фермер хўжалиги ҳамда Янгиобод туманидаги “Л.М.” фермер хўжаликларига қарашли сув насосларининг электр ҳисоблагичларига ташқи таъсир кўрсатилиб, жами 294,5 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари аниқланди.
Шунингдек, Ғаллаорол туманида фаолият юритиб келаётган “Н.С.Ф.” МЧЖга қарашли чойхонанинг газ ҳисоблаш ускунасидан олдин резина шланг орқали ўзбошимчалик билан газ тармоғига уланиб, жами 83,9 млн сўмлик табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги аниқланди.
Мазкур ҳолатлар юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Изоҳ (0)