“Россия президенти Владимир Путин билан қарашлар турлича бўлса ҳам ҳар хил масалаларни муҳокама қилиш мумкин”, дея маълум қилди Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон.
“Табиийки, биз жаноб Путин билан ҳамма соҳаларда ҳамфикр эмасмиз, аммо ўзаро муаммоларни муҳокама қилишга ва уларни ҳал қилишнинг аниқ йўлларини ўрганишга қодирмиз”, деди у.
Эрдўғоннинг қўшимча қилишича, Анқара “хурофот билан тўлдирилган сиёсат” олиб бормаяпти, балки муаммоларни ҳал қилиш учун оқилона ёндашувни қидирмоқда.
Июль ойи бошида Эрдўғон Путин билан Остонада бўлиб ўтган учрашувда унинг Туркияга ташриф буюришини кутаётганини айтганди.
Шунингдек, Туркия етакчиси мамлакат Украинадаги можарода иштирок этмаслигини, Анқара ҳар икки томон билан мулоқот олиб бораётганини таъкидлаган.
“Биз бошиданоқ бу урушда қатнашмаслигимизни айтган эдик. Бизнинг позициямиз фақат тинчлик тарафдори. Ечим кўпроқ қон тўкиш ва азоб-уқубатларда эмас, балки мулоқот орқали эришилган мустаҳкам тинчликдадир”, қўшимча қилган Эрдўғон.
Изоҳ (0)