Кунлар исиши, ёз бошланиши натижасида аҳоли орасида ўткир юқумли ичак касалликлари, хусусан, ўткир диарея, қорин тифи, салмонеллёз, вирусли гепатит А ва бошқа овқатдан заҳарланиш касалликларининг тарқалиши эҳтимоли ортиб боради. Бу ҳақда Санэпидқўмита ахборот хизмати “Дарё”га маълум қилди.
Айтилишича, ушбу касалликлар тез юқувчи касалликлар бўлиб, ҳолсизланиш, бош ва қорин оғриғи, кўнгил айниб қайт қилиш, ичнинг суюқ ва тез-тез кетиши билан кечади.
Ўткир юқумли ичак касалликларининг келиб чиқишида шахсий гигиена қоидаларига риоя қилмаслик, қайнатилмаган ариқ, ҳовуз ва қудуқ сувлари, ювилмаган сабзавот ва мевалар, шу билан бирга пашшалар алоҳида аҳамият касб этади.
Юқорида кўрсатиб ўтилган қоидаларга риоя қилмаслик натижасида касаллик соғлом одамларга юқади. Касалликнинг олдини олишда қуйидаги қоидаларга риоя этилиши зарур:
- ҳар доим, айниқса овқатланишдан олдин қўлингизни совунлаб ювинг;
- мева ва сабзавотларни тоза ичимлик сувида (иложи бўлса қайнаган сувда) ювиб истеъмол қилинг;
- очиқ сув ҳавзаларидан сув ичманг, фақат қайнатилган сув ичинг, мумкин бўлмаган жойларда чўмилманг;
- озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва уларни ташиш ҳамда тарқатилишида санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг;
- нон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини полиэтилен халтачалар ва усти берк идишларда сақланг;
- идиш товоқларни ювувчи воситалар билан уюшган жамоаларда қўшимча 0,2-0,5% хлорли аралашма билан биргаликда ювинг;
- пашшаларнинг кўпайиб кетишига йўл қўйманг;
- ҳудудлар, овқатланиш объектлари ҳамда умумий фойдаланиш жойларининг тозалиги ва санитария ҳолатини сақлаб туринг;
- тез бузилувчи озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилаётганингизда унинг сифати ва яроқлилигига эътибор қаратинг;
- ўзингиз ва болангизнинг тирноқларини ўз вақтида олиб, болангиз қўлларини доимо тоза тутишга ўргатинг;
- ахлат ташлаш жойларни тез-тез дезинфекция воситалари билан зарарсизлантириб туринг;
- кўнгил айниб, қоринда оғриқ пайдо бўлса, ич кетиши ва баъзи ҳолларда тана ҳарорати кўтарилса, зудлик билан тиббиёт ходимларига мурожаат қилинг, шифокорлар маслаҳатисиз ҳар хил дори-дармонларни ўз билганингизча истеъмол қилманг.
Ушбу касалликлар тез юқувчи касалликлар бўлиб, ҳолсизланиш, бош ва қорин оғриғи, кўнгил айниб қайт қилиш, ичнинг суюқ ва тез-тез кетиши билан кечади.
Изоҳ (0)