Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов Озарбайжоннинг “Каспиан Капитал Груп” компанияси асосчилари Элхан Пашаев ва Тахир Искандаров бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда, шунингдек, Озарбайжоннинг “Азтимонт” ва “Товуз-Балтия” корхоналари раҳбарлари ҳам иштирок этди.
Дастлаб аввалги учрашувларда келишилган лойиҳаларнинг бориши юзасидан маълумот берилди. Хусусан, воҳада озарбайжонликлар билан ҳамкорликда анор шарбати ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилганлиги қайд этилди.
Шундан сўнг келгусидаги ҳамкорлик режалари, хусусан, вилоят ҳудудида пулли йўл қуриш лойиҳаси муҳокама қилинди. Вилоят раҳбари йўл қурилишида Озарбайжон компанияларининг катта тажриба ва салоҳиятга эга эканлиги таъкидлаб, бу борадаги ҳамкорликдан мамнунлигини билдирди.
Шунингдек, томонлар йўл қурилиши лойиҳасини мутахассисларни жалб қилган ҳолда техник ва иқтисодий кўрсаткичларини ишлаб чиқиш, лойиҳа таклифларини тақдимотга тайёрлашга келишиб олишди.
Изоҳ (0)