Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманидаги 22 гектар ерда сомонпоя қолдиқлари ёқиб юборилди.
Ҳолат вилоят экология бошқармаси ҳамда Қуйи Чирчиқ тумани бўлими инспекторлари билан биргаликда ўтказилган назорат тадбири давомида аниқланган. Туманнинг “Мингчинор” МФЙ, Ўзбекистон ҳудудида Тcт Агро Cлустер МЧЖга қарашли ғалладан бўшаган 22 гектар ер майдонидаги сомонпоя қолдиқлари ёқилган.
Оқибатда табиатга 30 397 804 сўм миқдорида зарар етказилган. Ҳозирда тўпланган ҳужжатлар тегишли тартибда қонуний қарор чиқариш мақсадида суд органига юборилмоқда.
Экоқўмита маълумотига кўра, сомонпоя қолдиқлари ёқилиши нафақат табиатга, балки инсон саломатлиги билан бир қаторда иқтисодиётга ҳам жиддий зарар етказади. Чунки бундай ерларда тупроқ структурасининг бузилиши ҳамда ёнғин натижасидаги юқори ҳарорат туфайли макро ва микро элементларнинг йўқ бўлиб кетиши оқибатида экин ерларининг балл бонитети кескин пасайишига олиб келади.
Изоҳ (0)