АҚШ президенти Жо Байден “Украина, албатта, НАТОга аъзо бўлади”, деб айтмаслиги керак эди, деди собиқ давлат раҳбари Дональд Трамп.
Байден мутлақо нотўғри гапларни айтди. Улардан бири “Украина НАТОга қўшилади” деган гап. Мен бу гапни тинглаганимда “Бу одам уруш бошлайди”, деб ўйлагандим, — деди Трамп All In подкастида.
Трампнинг қўшимча қилишича, Байден мунтазам равишда Украина мавзусида нотўғри баёнотлар берган. Собиқ президентнинг сўзларига кўра, Байден “ақлдан озган фикрлар”ни айтишда давом этмоқда.
Шу билан бирга, Трамп ҳокимиятга келса, Украинага АҚШ ҳарбийларини юбормаслигига кафолат бера олишини айтди.
Франция ҳамда Германияда вазият бутунлай бошқача, чунки улар учун Украина “деярли қўшни”, — деб таъкидлади Трамп.
“Ҳозирда мен доимо Украинанинг НАТОга қўшилиши ҳақида гапларни эшитяпман. Шунингдек, Франция Украина ҳудудида жанг қилмоқчи эканлигини айтишмоқда. Нима ҳам дердим, уларга омад”, — деди Трамп.
Трампнинг яна бир бор таъкидлашича, агар ҳозир АҚШ президенти Байден эмас, балки ўзи бўлганида, Украинадаги можаро бошланмаган бўларди.
Байден ҳам, Трамп ҳам президентлик сайловига номзод бўлиш учун керакли миқдордаги овозларни тўплашди. Номзодни илгари суриш Демократлар ва Республикачиларнинг ёзда ўтказиладиган қурултойларида амалга оширилади.
АҚШда президентлик сайлови 2024 йил 5 ноябрга белгиланган.
Изоҳ (0)