Қирғизистоннинг Бишкек ва Чуй вилоятида ИШИД халқаро террорчилик ташкилоти тарафдорлари қўлга олинди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, 24.kg хабар берди.
Исломий давлат мафкурасини фаол тарғиб қилаётган, ёшларни ёллаётган, террорчилик характеридаги фото ва видеоматериалларни тарқатаётган яширин радикал гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Жами 15 киши ҳибсга олинган, уларнинг уйларидан катта миқдордаги диний адабиётлар топилган. Мазкур ҳолат юзасидан экспертиза тайинланди, — дейилади хабарда.
Ҳибсга олинганлардан бири ижтимоий тармоқ орқали Афғонистондаги ИШИД аъзосининг кўрсатмаларига амал қилиб, янги тарафдорларни жалб қилган.
Дастлабки маълумотларга кўра, тарқатилган фото ва видео материалларда террорчилик фаолиятига оммавий даъват, миллий, ирқий, этник, диний ёки минтақалараро адоватни қўзғатиш ҳамда конституциявий тузумни ағдаришга даъват этувчи белгилар мавжуд. Шунингдек, ўқотар ва совуқ қуроллардан фойдаланиш, қўлбола портловчи қурилмалар ясаш бўйича ўқув видеофильмлари аниқланган.
Изоҳ (0)