Ўзбекистонда илк бор мукофот жамғармаси 166 минг АҚШ долларини ташкил этадиган “Uzchess Cup” турнири қизғин давом этмоқда.
Якшанба, 9 июнь куни турнирнинг 4-тур баҳслари бўлиб ўтди. “Masters” гуруҳида Ўзбекистоннинг биринчи рақамли шахматчиси Нодирбек Абдусатторов ҳозирда FIDE рейтингида 60-ўринда жойлашган, Ўзбекистоннинг иккинчи рақамли шахматчиси Жавоҳир Синдоровга қарши дона сурди. Муросасиз ўтган ўйинда Жавоҳир Нодирбек Абдусатторовни мағлубиятга учратди. “Masters” гуруҳида иштирок этаётган яна бир шахматчи Нодирбек Якуббоев Магсоодлоо Парҳамни мағлуб этди.
Якуббоев ушбу ғалабадан сўнг 3 очко тўплаб, ҳозирда “Masters” гуруҳида етакчиликни қўлга олган. Синдоров 2,5 очко билан 3-ўринни эгаллаб турган бўлса, 4 учрашувдан 2 очко тўплаган Нодирбек Абдусатторов 5-ўринда бормоқда.
“Challengers” гуруҳида қатнашаётган Ўзбекистон терма жамоаси сардори Жаҳонгир Воҳидов Инджич Александар билан дуранг ўйнади. Шамсиддин Воҳидов ва Мустафа Йилмаз ҳам муроса йўлини танлади.
Ушбу гуруҳда сербиялик Инджич Александар — етакчи. Унинг ҳисобида 3 очко мавжуд. Шамсиддин Воҳидов (2,5 очко) ҳамда Жаҳонгир Воҳидовлар (2 очко) мос равишда кейинги ўринларни эгаллаб турибди.
“Futures” гуруҳида Ўзбекистоннинг уч шахматчиси етакчилик қилмоқда. Суяров Муҳаммадзоҳид 4 учрашувдан 3,5 очко тўплаган ҳолда биринчи ўринда бормоқда. Мадаминов Муҳиддин ҳамда Сайдалиев Саидакбар 2,5 очко билан кейинги ўринларни бўлишиб турибди.
Бугун, 10 июнь санасида мусобақанинг 5-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Эронлик Магҳсоодлоо учинчи бор ўзбек шахматчисига рақиблик қилади. Бу сафар Жавоҳир Синдоров эронлик шахматга қарши ўз имкониятларини синовдан ўтказади. Абдусатторов Грисчук Александерга қарши ўйнаса, Нодирбекларнинг иккинчиси —Якуббоев Шакҳрияр Мамедяровга қарши дона суради.
Мусобақа 15 июнгача давом этади.
Изоҳ (0)