Telegram асосчиси Павел Дуров ёзни Марказий Осиёда ўтказишини эълон қилди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram каналида маълум қилди.
Дубайда истиқомат қилувчи Дуров мамлакатда ҳаво ҳарорати кескин исиётганини айтди.
Дўстларим Франциянинг жануби каби замонавий жойларга бормоқда. Франция фуқароси сифатида бу давлатни дам олиш учун энг яхши жой эканига қўшиламан, — деб ёзган у.
Бироқ у Telegram бош директори сифатида таътилга чиқмаслигини қайд этган.
Бунинг ўрнига, фойдаланувчиларимиз билан ноодатий жойларда учрашиш орқали иш фаолиятимни давом эттираман. Бу ёзда Марказий Осиёга ташриф буюриб, у ерда ҳаёт қандай кечаётгани, одамлар Telegram’дан қандай фойдаланишларини ва уларнинг рақамли эҳтиёжларини ўрганишга қарор қилдим, — деган мессенжер асосчиси.
Март ойида Telegram асосчиси мессенжердан фойдаланувчилар сони 900 миллионни ташкил этишини айтганди. Ўзбекистонда апрель ойида олиб борилган тадқиқотга кўра, илованинг 18 миллиондан 24 миллионгача фойдаланувчиси бор. Натижаларга кўра, 54 фоиз одам Telegram’даги маълумотларга ишонишини билдирган. Фойдаланувчиларнинг катта қисми ушбу мессенжердан 1-3 соат вақт фойдаланади. Сал кам 60 фоиз одам янгиликлар каналларини кузатади.
Изоҳ (0)