Президент раислигидаги йиғилишда мутасадди ва ҳокимларга куз-қиш мавсуми учун захира яратиш вазифаси қўйилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, иссиқлик электр станциялари барқарор ишлаши, аҳоли ва ижтимоий соҳа эҳтиёжлари учун жорий йилда кўмир қазиб чиқаришни янада кўпайтириш ва бу борада 8 миллион тонналик кўрсаткичга интилиш зарурлиги қайд этилди.
Бундан ташқари, мазут ва кўмир икки йилга бождан озод қилинади. Кўмир импорти учун уч йил муддатга револвер кредитлар берилади.
Мутасаддилар ва ҳокимлар олдига яқин муддатда аҳоли ва ижтимоий соҳа учун 1 миллион 200 минг тонна, йил якунигача яна шунча кўмир етказиб бериш, 1 октябргача 600 минг тонна кўмир ва 350 минг тонна мазут захирасини яратиш вазифаси қўйилди.
Ҳозирда қатор маҳаллаларда газ босими паст, йўқотишлар юқори экани қайд этилди. Бу маҳаллалардаги хонадонларнинг газ таъминотини уч босқичли тизимдан икки босқичлига ўтказиш режалаштирилган.
Октябрь декабрь ойларида истеъмолчиларга 163 минг тонна суюлтирилган газ етказиш топширилди. Шунингдек, вилоят ҳокимларига 300 дан зиёд олис маҳалла учун кўмир, суюлтирилган газ ва асосий турдаги озиқ-овқат захирасини яратишга топшириқ берилди.
Изоҳ (0)