Андижон ҳамда Жиззах вилоятларида ер майдонлари савдоси билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар берди.
Маълум қилинишича, ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар М.Р., М.Я. ва бошқалар олдиндан ўзаро тил бириктириб, фуқаро А.С.нинг ишончига кириб, танишлари ёрдамида Асака тумани “Улуғбек” МФЙ ҳудудида жойлашган 20 сотих захирадаги ер майдони ҳужжатларини унинг номига расмийлаштириб бериши эвазига 8 минг долларни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.
Шу каби департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Туятортар” ҚЛИ ирригация тизими шўба бўлим бошлиғи Қ.Х. фуқаро Ў.С.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида ушбу ирригация тизимига қарашли 1 гектар ер майдонини ҳужжатларни расмийлаштириб олиб бериши эвазига 500 доллар олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)