Эрон олий диний раҳнамоси Сайид Али Хоманаий 30 май куни Теҳронда Сурия президенти Башар Асад билан учрашув ўтказган. Бу ҳақда Эрон манбаларига таяниб, Аl Arabia нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Сурия президенти Башар Асад яқинда вертолёт ҳалокати оқибатида вафот этган Эрон собиқ президенти Иброҳим Раисий ўлими муносабати билан ҳамдардлик изҳор қилиш учун Эронга шахсан ташриф буюрган. Эрон олий диний раҳнамоси Хоманаий Асадга ҳамдардлик ва қийин дамда қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирган.
Учрашувда Хоманаий АҚШ ва Европанинг Теҳрон ва Дамашққа нисбатан сиёсий ва иқтисодий босимини енгиб ўтиш учун Эрон ва Сурия ўртасидаги ҳамкорликни кучайтиришга чақирган.
Эрон Суриядаги 13 йиллик фуқаролар уруши даврида Башар Ассаднинг асосий иттифоқчиси бўлиб, иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий ёрдам кўрсатиб келиши айтилади. Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси билан алоқадор қуролли гуруҳлар Сурияда сезиларли даражада ҳарбий иштирокни амалга оширса-да, Теҳрон можаро ҳудудига фақат ҳарбий маслаҳатчилар юборганини таъкидлаб келади.
Эрон ва Сурия раҳбарлари учрашувида Раисий даврида биринчи вице-президент бўлган Муҳаммад Мохбер ҳам иштирок этган. Собиқ президент вафотидан сўнг, мавжуд тартибга мувофиқ Муҳаммад Мохбер вақтинчалик президент этиб тайинланган.
“Энди жаноб Мохбер президент ваколатларига эга бўлиб, Эрон-Сурия алоқаларини мустаҳкамлашда Раисий каби ёндашувни давом эттирмоқда”, — деган учрашувдан сўнг Сайид Али Хоманаий.
Башар Асад билан ёпиқ, мазмуни ошкор қилинмаган суҳбат бўлгани ҳам хабар берилган.
Изоҳ (0)