Германиялик мураббий Ҳанс-Дитер Флик “Барселона” бош мураббийига айланди.
“Барселона” мутахассис билан шартнома имзолаганини эълон қилди. Флик билан 2026 йил 30 июнгача мўлжалланган битим имзоланди.
59 ёшли Ҳанс-Дитер бунга қадар Германия терма жамоасини бошқарганди. ЖЧ—2022 да немислар гуруҳ босқичидан чиқа олмаган. Флик 2023 йилнинг кузида терма жамоани тарк этган.
Қайд этиб ўтиш жоиз, 2021 йилдан буён “кўк-анорранглилар”ни бошқариб келган Хави истеъфога чиқарилди.
Эслатиб ўтамиз, 28 январда Хави мавсум охирида “Барселона” мураббийлик постини тарк этишини таъкидлаганди. Кейинчалик бир неча бор бу қарорини ўзгартирмаслигини ҳам айтиб ўтганди. Бироқ раҳбарият апрель ойида испаниялик мутахассисни жамоада қолдиришга кўндирганди. Яна вазият ўзгариб, клуб мураббий билан ҳамкорликни тўхтатди.
Хави “Барселона”ни 2021 йилнинг ноябридан бери бошқариб келаётган эди. Унинг қўл остида жамоа Испания чемпионати ва мамлакат Суперкубогини қўлга киритди.
Изоҳ (0)