Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева 27 май куни Уммон Султонлигининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Вафо Жабр Носир ал-Бусаидий билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва парламентлараро алоқаларни ривожлантириш ва янги босқичга олиб чиқиш масалалари кўриб чиқилди.
Томонлар, ўзаро савдо айланмаси кўрсаткичи икки давлатнинг салоҳиятини ифода этмаслигини, тадбиркорлар ўртасида қўшма бизнес лойиҳаларни фаоллаштириш лозимлигини таъкидлади.
Мулоқот давомида фан, таълим, маданият йўналишларидаги ҳамкорлик, мамлакатларнинг туризм салоҳиятидан янада кенгроқ фойдаланиш бўйича амалий саъй-ҳаракатларни бирлаштириш бўйича фикр алмашилди.
Суҳбат чоғида парламентлараро мулоқотни ўзаро ташрифлар орқали фаоллаштириш, икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари тегишли қўмиталари ўртасида тажриба алмашиш ва яқин алоқаларни ўрнатиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашув якунида дипломат икки томонлама муносабатларни бундан кейин ҳам янада ривожлантириш учун бор имконият ва салоҳиятини ишга солишини билдириб ўтди.
Изоҳ (0)