Қашқадарёда ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириб беришни ваъда қилиб, фуқароларни чув тушириб келган яна бир фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда ИИВ Киберхавфсизлик маркази хабар берди.
Қайд этилишича, Тошкент вилоятида яшовчи Х.Т. ИИОга мурожаат қилиб, банк картасидан 4,5 миллион сўм миқдоридаги маблағ номаълум шахс томонидан фирибгарлик йўли билан ўзлаштирилганини маълум қилган.
Тезкор-қидирув хизмати Киберхавфсизлик бўлинмалари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида, мазкур жиноятни Қашқадарё вилоятида яшовчи Б.Х. содир этгани аниқланган.
Маълум бўлишича, Б.Х. жабрланувчи Х.Т. билан Telegram орқали танишиб, унга ҳайдовчилик гувоҳномасини имтиҳонларсиз олиб беришда ёрдамлашишини айтиб, олдиндан пулларни ўзининг фойдаланувида бўлган банк картасига ўтказиб олган ва ёзишмаларни ўчириб юборган. Шунингдек, у жабрланувчининг қўнғироқларига жавоб бермай, “қора рўйхат”га киритиб қўйган.
Мазкур ҳолат юзасидан Б.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Бундан олдин Тошкент вилоятида сохта сертификат эвазига ҳайдовчилик гувоҳномаси олган фуқарога суд ҳукми ўқилганди. Унга Жиноят кодексининг 59-моддасига асосан тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2,5 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланган. Май ўрталарида Фарғонада 200 долларга “права” олиб беришни ваъда қилган автомактаб раҳбари ушланганди.
Изоҳ (0)