Прокуратура органлари томонидан Маданий мерос агентлиги билан ҳамкорликда тарихий ёдгорликларни муҳофаза қилиш ва сақлашга қаратилган тизимли назорат тадбирлари ўтказиб келинмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, назорат тадбирларида Сурхондарё вилояти, Денов туманидаги V-VII асрларга оид “Қорабоғтепа-1” археологик ёдгорлигининг 585 метр куб майдони фуқаро С.С. ва М.С. томонидан уй-жой қуриш мақсадида текислаб юборилиб, ёдгорликка 19,3 млрд сўмлик зарар етказилган.
Шунингдек, Сариосиё туманидаги мил.ав. III–I асрларга оид “Ҳайвонтепа” археология ёдгорлигининг 3500 метр куб майдони “М.И.С” хусусий корхонаси томонидан иссиқхона қуриш мақсадида бузилиб, ёдгорликка 208,1 млрд сўмлик зарар етказилган.
Аниқланган ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, назорат тадбирлари давом эттирилмоқда.
Изоҳ (0)