Вьетнам Коммунистик партияси марказий қўмитаси сиёсий бюроси аъзоси То Лам мамлакатнинг янги президенти этиб сайланди. Бу ҳақда VNA агентлиги хабар берди.
Янги президент Вьетнам миллий ассамблеяси (бир палатали парламент) томонидан сайланган. То Ламни президенти этиб сайлаш тўғрисидаги резолюцияни мажлисда қатнашган Миллий ассамблеянинг 473 депутатдан 472 нафари қўллаб-қувватлаган.
Сиёсатчининг мамлакат президенти лавозимига номзоди Вьетнам Коммунистик партияси марказий қўмитаси томонидан 16–18 май кунлари Ханойда бўлиб ўтган навбатдаги пленумда маъқулланганди. 21 май куни Миллий ассамблея Вьетнам президенти этиб сайланиши учун генерал То Ламни жамоат хавфсизлиги вазири лавозимидан озод қилганди.
2024 йилнинг март ойида Вьетнам Социалистик республикаси Миллий ассамблеясининг тасдиқланган қарорига мувофиқ, Во Ван Тхионг президент лавозимидан озод этилганидан кейин давлат раҳбари лавозими бўш қолганди.
Изоҳ (0)