Исроил армияси 17 май куни Ғазо шимолидаги қочқинлар лагерига ҳужум уюштириши оқибатида камида 10 нафар фаластинлик ҳалок бўлган. Бу ҳақда Ғазодаги маҳаллий нашрлар тарқатган хабарларга асосланиб, CNN нашри хабар берди.
Манбада айтилишича, Ғазо шимолида жойлашган Жабалия қочқинлар лагерига ҳужум кузатилган. Ҳужум 17 май тонгида амалга оширилган.
Жабалияга ҳужумда 6 нафар шахс ҳалок бўлган. Фуқаролик мудофааси ташкилоти вакиллари ҳудудга тезкор равишда етиб бориб, яраланганларни эвакуация қилган.
Ғазо ҳукумати матбуот бўлими раҳбари Салама Маруф Исроил ҳарбийлари қочқинлар лагери ичида ҳаракатланаётганини тасдиқлаган. Ғазо шаҳри шимоли-шарқидаги Байт Ханун аҳоли пункти аскарлар томонидан ўраб олингани билдирилган.
“Ҳозирда Байт Ханун шаҳрида бўлган минглаб фуқаролар Жабалия лагеридаги ҳарбий операция бошланганидан бери озиқ-овқат, сув ва ҳаёт учун зарур бўлган нарсаларга муҳтож. Шаҳар ҳозир тўлиқ қамалда”, — деган Салама Маруф.
Исроил, шунингдек, Ғазо марказидаги Нусейрат қочқинлар лагерига ҳам ҳужум уюштирган. Ҳудуддаги Ал-Жауний мактабига зарба берилиши оқибатида камида тўрт фуқаро ҳалок бўлган. Маҳаллий журналистлар жасадларнинг Дайр ал-Балаҳдаги Ал-Ақса шаҳидлар касалхонасига олиб кетилганини хабар берган.
Изоҳ (0)