Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахтнинг қатор чорраҳа ва кўчаларини таъмирлаш ҳамда реконструкция қилиш бўйича кенг кўламли ишлар бошланишини маълум қилди.
Қайд этилишича, ишларнинг асосий қисми май ойидан сентябригача – мактаблар ва олий ўқув юртларида таътил кунларида амалга оширилади. Ишлар асосан тунги вақтда бажарилади.
Пойтахтдаги пиёдалар ва ҳайдовчилар бу ишларнинг оғирлигини ҳис қилмасликлари учун барча имкониятларимизни ишга соламиз, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, иш биринчи марта кенг кўламда, янги қоплама (ШМА) турларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади. Шу билан бирга, ер ости коммуникациялари ҳам текширилади.
Ҳокимлик иш жараёнида ҳайдовчилар учун ҳам, пиёдалар учун ҳам ноқулайликлар туғилиши муқаррарлиги сабаб олдиндан узр сўраб, фуқаролардан вазиятни тушунишларини сўради.
Март бошларида президентга Тошкентдаги гавжум чорраҳа ва кўчаларни тартибга солиш орқали тирбандликларни бартараф этишга оид лойиҳа тақдимот қилинганди. Ўшанда мазкур лойиҳа синов тариқасида Тошкент шаҳридаги иккита йирик чорраҳада — Бобур ва Фурқат кўчалари кесишмасида ҳамда Боғишамол ва Тошкент автомобиль ҳалқа йўли кесишувида амалга оширилиши маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)